
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз фармони билан Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши тузилишини тасдиқлади. Уни ташкил этиш бўйича келишув давлат раҳбарининг 2025 йил 4–6 ноябрь кунлари АҚШга «С5+1» саммити доирасидаги ташрифи чоғида эришилган эди.
Кенгашнинг Ўзбекистон томонидан ҳамраиси Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, Америка томонидан эса АҚШ президентининг вакили ҳисобланади.
Кенгашни тузишдан мақсадлар сифатида Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ўртасидаги «ўзаро манфаатли савдо-инвестиция ва тижорат муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш», шунингдек, «ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, бу йўналишда самарали ишларни ташкил этиш» кўрсатилган.
Кенгаш ишининг устувор йўналишлари
Кенгашга топширилган устувор масалалар қуйидагилар этиб белгиланди:
- Стратегик бизнес ташаббуслари, йирик инвестиция ва савдо лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишни мувофиқлаштириш, шунингдек, уларнинг амалга оширилишини доимий мониторинг қилиш;
- Ўзбекистонга қўшимча инвестицияларни жалб қилиш учун махсус инвестиция фондини ташкил этиш, бунда Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) ва Ўзбекистон томонидан якорли инвесторларбелгиланади, шунингдек, энг муҳим инфратузилмавий ва стратегик лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда хатарларни бўлишиш учун йирик халқаро молия институтлари (ЕТТБ, ХМК, ОТР) жалб этилади;
- Ўзаро тариф ставкаларини пасайтириш масалалари бўйича музокараларни давом эттириш;
- Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари Технологик парки (IT-парк) резидент компанияларининг маҳсулот ва хизматларини тизимли равишда илгари суриш;
- Мамлакат инвестиция портфелини диверсификация қилиш, шу жумладан, Ўзбекистон Марказий банкининг валюта захираларининг бир қисми ва бошқа активларни жалб қилиш бўйича таклифлар киритиш.
Ўзбекистон Президент Администрациясининг АҚШдаги вакили
Ташқи сиёсат ва давлат ташаббусларини мувофиқлаштириш самарадорлигини ошириш мақсадида 2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси тузилмасига қўшимча маслаҳатчи-элчи – Президент Администрациясининг АҚШдаги вакили лавозими киритилмоқда.
Бундан ташқари, Ташқи ишлар вазирлиги бир ой муддатда АҚШ ҳудудида географик қамровни таъминлаш, шунингдек, йирик диаспоралар (Филаделфия, Чикаго, Орландо ва Сиэтл шаҳарлари) жойлашган жойларни ҳисобга олган ҳолда, ходимлар таркибига АҚШнинг асосий соҳалари бўйича мутахассисларни киритган ҳолда, қўшимча консулликлар очиш масаласини ҳал қилиши лозим.
2025 йил январь ойидан бошлаб резидентларнинг АҚШдаги инвестиция фаолияти бўйича операциялари – хорижий корхоналарнинг устав фондларини шакллантириш (ёки капиталда иштирок этиш), уларнинг АҚШдаги филиалларини айланма маблағлар билан тўлдириш учун Ўзбекистон банкларидаги резидентлар ҳисобварақларидан пул маблағларини ўтказиш чекланмаган ҳолда, резидентлар ҳисобварақларидаги маблағлар доирасида амалга оширилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Марказий банк билан биргаликда даромадлиликни ошириш мақсадида мамлакатнинг инвестиция активлари ва валюта захиралари тузилмасини такомиллаштириш бўйича, жумладан, АҚШда жойлашган энг фойдали ва юқори ликвидли активларга йўналтириш учун кенгашга таклифлар киритиш топширилди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим бўйича Америка томони билан музокараларни бошлаш вазифаси юклатилди.