
Тошкент туманлараро маъмурий суди 2025 йил 6 ноябрдаги мажлисида Ҳамид Олимжон майдонида жойлашган 18 қаватли уйларнинг фасадларидаги ишларни тўхтатиш тўғрисида ажрим чиқарди. Бу ҳақда «Москва» осмонўпар бинолари аҳолиси манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат Виктория Шмарковская маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Ҳамид Олимжон майдонидаги уйларнинг фасадларини ойналаш ишлари 2025 йил 10 октябрда бошланган эди. Аҳоли биноларнинг оғирлашиши уларнинг хавфсизлигига таъсир қилишидан хавотирда. Уларга лойиҳа ва сметалар билан танишиш учун ҳали ҳам тақдим этилмаган.
Виктория Шмарковскаянинг сўзларига кўра, 2025 йил 28 октябрь куни аҳоли жамоавий ариза билан судга мурожаат қилган. Унда Мирзо Улуғбек тумани Лашкарбеги маҳалласидаги 10А, 11А, 12А ва 13Б уйларининг фасадларини реконструкция қилиш учун рухсатномасиз ва масъул органлар ҳамда уй эгалари билан келишмасдан янгилаётган Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ҳаракатларини ноқонуний деб топишни сўрашган. 5 ноябрь куни аҳолидан бири суддан дастлабки ҳимоя чораларини кўришни ва фасадлардаги ишларни тўхтатишни сўраб яна бир ариза киритди.
«Суд ариза ва ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, фасад ишларини тўхтатиш тўғрисида ажрим чиқарди. Суд жараёни доирасидаги биринчи мажлис 19 ноябрга белгиланган», – деди Шмарковская.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 92-моддаси 1-қисмига мувофиқ, суд маъмурий иш бўйича якуний суд ҳужжати қабул қилингунига қадар аризачининг ёки манфаатида ариза берилган шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ёки қонуний манфаатлари бузилишининг реал хавфи мавжуд бўлса ёхуд бундай чораларни кўрмасдан аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мумкин бўлмаса ёки қийин бўлса, дастлабки ҳимоя чораларини кўриши мумкин.
Айнан шу кодекснинг 97-моддасига кўра, суднинг дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ажрими суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда дарҳол ижро этилиши лозим. Бироқ, адвокатнинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳри ва Мирзо Улуғбек тумани ҳокимликлари уни бажармаяпти – қурилиш бригадалари объектда ишлашни давом эттирмоқда. Аҳоли «Газета»га маълум қилишича, ишчилар суд ажрими бекор қилинган деб таъкидламоқда.
Аҳолидан бири Нодира 2025 йил 8 ноябрь куни мулк эгалари гуруҳининг ИИБ майори Дониёр Жўраев билан учрашуви ҳақида «Газета»га сўзлаб берди. Унинг сўзларига кўра, учрашувда аҳолига ҳокимият юристлари суд ажримига нисбатан протест тайёрлаётгани ва у яқин кунларда бекор қилиниши мумкинлиги айтилган. Майор, шунингдек, аҳолига визуаллаштириш эмас, балки тасдиқланган лойиҳа тақдим этилишини ваъда қилган.
Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги матбуот котиби Маъмур Пармонов «Газета» билан суҳбатда туман маъмуриятига Ҳамид Олимжон майдонидаги уйларнинг фасадларидаги ишларни тўхтатиш тўғрисидаги суд ажрими келиб тушганини тасдиқлади. Объектдаги ишлар нима учун давом этаётгани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, у суднинг якуний қарори ҳали йўқлигини тушунтирди.
Пармонов ишларнинг олиб борилиши учун туман ҳокимлиги эмас, балки буюртмачи – «Ягона буюртмачи хизмати» ДУК масъул эканлигини қайд этди.
«Ишларни тўхтатиш ёки давом эттириш – уларнинг ваколатида», – деди.
Шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Гулноза Қосимованинг сўзларига кўра, агар пудратчилар ишларни давом эттираётган бўлса, аҳоли Мажбурий ижро бюросига мурожаат қилиши керак. У, шунингдек, ажрим қабул қилингани ҳақида ҳокимият хабардор қилинмагани ва жараёнда томон сифатида иштирок этмаётганини таъкидлади.
«Шу сабабли биз ўзимиз тафсилотлардан бехабар эдик ва буюртмачидан объектда нима бўлаётганини аниқлаймиз», – деди Қосимова.
2025 йил 11 ноябрь куни таҳририят яна шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига мурожаат қилди, бироқ улар «Ягона буюртмачи хизмати» ходимлари бўлажак тадбирга тайёргарлик билан банд эканликлари ва ҳозирча маълумот бера олмасликларини билдиришди.
Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов «Газета» саволларига жавоб берар экан, Тошкент туманлараро маъмурий суди 2025 йил 31 октябрь куни маъмурий иш юритишни бошлаганини маълум қилди. 6 ноябрь куни суд осмонўпар биноларнинг фасадларидаги ишларни вақтинча тўхтатиш тўғрисида ажрим чиқарди ва унинг ижросини Тошкент шаҳар ҳамда Мирзо Улуғбек тумани ҳокимликлари зиммасига юклади.
Абидовнинг қўшимча қилишича, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 97-моддаси 2-қисмига кўра, дастлабки ҳимоя чораларини бажармаслик уларни ижро этишни таъминлашга мажбур бўлган шахсга нисбатан суд жаримаси солишга олиб келади.