Ўзгидромет: Ўзбекистонда октябрь ойи барча йиллар ичидаги энг қуруқ ва иссиқ ойлардан бири бўлди

2025 йилнинг октябрь ойи Ўзбекистонда метеорологик кузатувлар олиб борилган барча йиллар ичидаги энг қуруқ ва иссиқ ойлардан бири бўлди. Бу ҳақда Ўзгидрометнинг ой якунлари бўйича шарҳида айтилган.

Республика ҳудудининг катта қисмида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати кўп йиллик ўртача қийматлардан 1,5–2,7 градус юқори бўлди. Шу билан бирга, максимал ва минимал ҳароратлар ўзларининг экстремал қийматларидан узоқ бўлди (жадвалга қаранг).

2025 йил октябрь қуруқ келди, Ўзбекистон ҳудудининг аксарият қисмида ёғингарчилик меъёрдан анча кам бўлди.

Республиканинг жануби-ғарбий ва жанубий ҳудудларида – Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ёғингарчилик деярли кузатилмади ёки жуда заиф бўлди.

Қолган ҳудудларда 1-3 кун қисқа муддатли ёмғир ёғиши қайд этилди, уларнинг ойлик миқдори 1-5 мм, Фарғона водийси вилоятлари ва Қорақалпоғистонда баъзи жойларда 7-12 мм ни ташкил этди.

Кучлироқ ёмғирлар Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ёғди, уларнинг ойлик ёғингарчилик миқдори 20 мм дан 35 мм гача, Тошкент вилоятининг юқори тоғли зоналарида эса 50-100 мм ни ташкил этди.

Ойгаинг метеостанцияси ҳудудида (мамлакатдаги энг баланд тоғли) ой охирида бу мавсумдаги биринчи қор қоплами пайдо бўлди, унинг баландлиги 10 см гача бўлди.

Республиканинг айрим ҳудудларида шамол тезлиги13-18 м/с гача кучайиши кузатилди. Жанубда ва чўл зонасида шамолнинг кучайиши чангли шамол билан бирга кечди.