МБ Ўзбекистондаги 18 та банкни ҳар бирини 102 млн сўмдан жаримага тортди

Ўзбекистон Марказий банки сентябрь-октябрь ойларида ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, 18 та банкнинг расмий веб-сайтлари фаолиятида қонунбузарликларни аниқлади, дея хабар берди регулятор матбуот хизмати.

Текширув давомида қонунчиликка риоя этилиши ва истеъмолчилар учун маълумотларнинг мавжудлиги баҳоланди.

Баъзи сайтларда «Давлат тили ҳақида»ги қонун талабларига зид равишда ўзбек тилида маълумотлар бўлмаган.

Бундан ташқари, баъзи банкларнинг веб-сайтларида ахборотни ошкор қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига зид равишда, кредит бўйича таъминот сифатида қабул қилинган мулкни гаровдан босқичма-босқич озод қилиш тартиби жойлаштирилмагани аниқланди.

Бундай қоидабузарлик «Agrobank», «AnorBank», «Hayot Bank», «Universal Bank», «Garant Bank», «Asakabank», «Turonbank», «Infinbank», «Mikrokreditbank», «Trastbank», «Madad Invest Bank», «Soderot Bank», «Orient Finans Bank», «Ipoteka-bank», «Tenge Bank», «Ziraat Bank Uzbekistan», «AVO Bank» ва «Open Bank»да кузатилган.

«Қоидабузарликка йўл қўйган банкларнинг ҳар бирига нисбатан 102 млн сўм миқдорида жарима тарзида маъмурий таъсир чораси қўлланилди», — дейилади регулятор хабарида.

Банкларга веб-сайтлардаги камчиликларни бартараф этиш ва маълумотларни қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш бўйича кўрсатмалар юборилган.

2025 йил октябрь ойида Марказий банк истеъмолчилар ҳуқуқларини бузгани учун «TBC», «Davr Bank» ва «Hamkorbank»ни 2,5 млрд сўм жаримага тортган эди.