Ўзбекистонда электромобилларни қувватлаш станциялари учун 10 мингдан ортиқ алоҳида ҳисоблагич ўрнатилди

Ўзбекистонда электромобилларни қувватлаш қурилмалари учун алоҳида ҳисоблагичлар ўрнатиш тизими аллақачон жорий этилган бўлиб, бугунги кунда уларнинг сони 10,5 мингтани ташкил этади. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» вакиллари 2025 йил 6 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

«ҲЭТ» вакили Диёрбек Нишоновнинг тушунтиришича, Вазирлар Маҳкамасининг 319-сонли қарорига кўра, агар фуқаро шахсий электромобили учун қувватлаш қурилмасини ўрнатса, унга алоҳида ҳисоблагич ўрнатилиб, шахсий ҳисоб рақами очилади.

«Истеъмол қилинган электр энергияси нархи II тариф гуруҳи истеъмолчилари (юқори қувватга эга бўлмаган ноаҳоли истеъмолчилар – таҳр.) учун белгиланган тариф бўйича ҳисобланади. Айни пайтда нарх ҳар бир киловатт учун 1000 сўмни ташкил этмоқда», — деди.

«ҲЭТ» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Алвар Ғайбуллаевнинг сўзларига кўра, қувватлаш қурилмаларининг аксарияти хусусий уйлар ҳовлиларига, шунингдек, кўп қаватли уйларнинг юқори қаватларида яшовчи фуқаролар томонидан ўрнатилган. Бундай қурилмаларнинг энг кўп сони Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига тўғри келади.

«Агар барча электромобиль эгалари кўп қаватли уйларнинг йўлаклари олдига қувватлаш қурилмаларини ўрната бошласа, бу электр таъминотининг барқарорлиги бузилишига олиб келади. Кўп ҳолларда ускуналар ўзбошимчалик билан, хавфсизликнинг техник талабларига риоя қилмаган ҳолда, болалар қўли етадиган даражада монтаж қилинмоқда. Бундай муаммоларни бартараф этиш учун ҳозирда янги тартиб ишлаб чиқилмоқда», — дея таъкидлади.

Алвар Ғайбуллаевнинг қўшимча қилишича, янги тартибга кўра, электромобиллар учун қувватлаш қурилмалари уйлар атрофидаги ҳудудлардан олиб ташланади ва махсус қувватлаш жойлари сони кўпайтирилади, чунки акс ҳолда кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли учун ноқулайликлар юзага келиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил июль ойида «ҲЭТ» вакили йил охиригача электромобилларни қувватлаш қурилмалари учун алоҳида ҳисоб рақамларини ўрнатиш тизими жорий этилишини маълум қилган эди. У ўшанда фуқаролар алоҳида электр энергиясини ҳам маиший эҳтиёжлар, ҳам электромобиль учун ишлатишни хоҳлаётганини қайд этганди.