2026 йилдан Ўзбекистонда хусусий клиникалар янги имтиёзларга эга бўлади – президент

2026 йилдан бошлаб Ўзбекистондаги хусусий клиникалар янги солиқ ва молиявий имтиёзлардан фойдаланиши мумкин. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 10 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

Сўнгги 8 йил ичида хусусий клиникалар ва лабораториялар сони 3 баробар ошиб, 9000 тага етди, улардаги ўринлар сони эса 57 мингтага кўпайди.

Давлат раҳбари бугунги кунда мамлакатдаги тиббий хизматларнинг 30% хусусий сектор томонидан кўрсатилаётганини таъкидлаб, кўплаб илғор ташаббуслар айнан ушбу сектордан келаётганидан мамнунлигини билдирди.

У соҳада давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш бўйича барча таклифларни кўриб чиқишга тайёрлигини урғулади.

Унинг сўзларига кўра, хусусий тиббиёт клиникаларида кўрсатилаётган хизматлар нархи Республика марказларидаги нархлардан паст. Шу муносабат билан, давлат тиббиёт муассасаларида нархларнинг асосланганлигини қайта кўриб чиқиш топширилди. Агар хусусий клиникаларда шунга ўхшаш хизматлар арзонроқ ва сифатлироқ кўрсатилса, тиббий суғурта маблағлари айнан ўша ерга йўналтирилади.

Янги қўллаб-қувватлаш чоралари

Шавкат Мирзиёев тиббиётда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва унга қўшимча шароитлар яратиш давом эттирилишини маълум қилди.

2026 йилдан бошлаб тиббий асбоб-ускуналар, техника ва тез ёрдам машиналарини олиб кириш учун берилган имтиёз яна 3 йилга узайтирилади.

Бундан ташқари, аввал умумий овқатланиш корхоналарига берилган ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш бўйича имтиёз хусусий тиббиёт ташкилотларига ҳам татбиқ этилади.

Замонавий кўп тармоқли клиникаларни ташкил этиш ва жиҳозлаш учун тадбиркорларга 200 млн доллар миқдорида имтиёзли молиялаштириш ажратилади. Маблағлар келаси йилдан бошлаб 7 йил муддатга, шундан дастлабки 3 йили имтиёзли давр бўлиб, 17% ставкада тақдим этила бошлайди.

Ушбу йиғилишда президент ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида замонавий ускуналардан самарасиз фойдаланилаётганини ҳам танқид қилди. Шифокорлар антибиотикларни тартибсиз равишда тайинлашда давом этмоқда. Марказлар ва соғлиқни сақлаш бўлинмалари раҳбарлари эскича ишламоқда. Марказ директорлари ҳудудларга юборилади.