Тиббиёт ходимлари куни номи ўзгартирилади — у фармацевтика ходимлари байрами ҳам бўлади

2026 йилдан бошлаб Тиббиёт ходимлари куни Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни сифатида нишонланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 10 ноябрь куни Тошкент давлат тиббиёт университетида соҳа вакиллари билан учрашувда маълум қилди, дея хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

«Замонавий тиббиётни фармацевтикасиз тасаввур этиб бўлмайди», — дея таъкидлади президент. «Бу тиббиёт ва фармацевтика ходимларига янада изланиш, илғор даволаш ва профилактика усулларини ўзлаштириш учун катта рағбат ва куч-ғайрат беришига ишонаман», — деди давлат раҳбари.

У йиғилганларни 9 ноябрь куни нишонланган Тиббиёт ходимлари куни билан табриклади. Ушбу кун 2006 йилда қабул қилинган қонун билан белгиланган.

Учрашувда маълум қилинган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 600 мингдан ортиқ тиббиёт ходими мавжуд.