Ўзбекистон АҚШ билан фуқаролар ва бизнес учун виза режимини соддалаштиришни муҳокама қилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи виза режимини либераллаштириш ва туризмни ривожлантириш, шу жумладан тўғридан-тўғри авиарейслар сонини кенгайтириш учун шарт-шароит яратади. Бу ҳақда транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

«Президентимизнинг ташрифи — бу асосий кўрсаткич, бу асосий қадам. Президентимиз доим энг асосий дарвозаларни очадилар. Икки давлат раҳбарлари транспорт ҳамда бошқа муҳим йўналишлар бўйича келишиб олса, ўйлайманки, бизга ишлаш осонроқ бўлади. Бу ерда вазифалар кўп ва улардан ўрганадиган нарсаларимиз бор, тажриба алмашишимиз мумкин бўлган жиҳатлар ҳам мавжуд», — деди Жасурбек Чориев.

У 22 та кенг фюзеляжли Boeing 787-9 Dreamliner самолётларини етказиб беришни назарда тутувчи Boeing корпорацияси билан тузилган йирик шартномани қайд этди. Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, келажакда янги самолётлар қўшилиши, жумладан, Американинг қўшимча шаҳарларига узоқ масофали парвозлар географиясини кенгайтириш имкониятини беради. Бугунги кунда Uzbekistan Airways Тошкент ва Нью-Йорк ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни амалга оширмоқда.

Жасурбек Чориев мамлакатлар ўртасида имзоланган келишувлар туризм ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилишини билдирди.

«Яқинда Америка фуқаролари учун [1 январдан бошлаб 30 кунлик визасиз режим] тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунингдек, бизнинг фуқароларимиз ва бизнесимиз учун ҳам [саёҳат қилиш] соддалаштирилиши кўриб чиқилади», — дея хабар берди.

Ҳозирда визасиз режим фақат 55 ёшдан ошган АҚШлик сайёҳлар учун амал қилади. Президентнинг 15 майдаги Ўзбекистонга туристлар оқимини кескин ошириш тўғрисидаги фармонида Ташқи ишлар вазирлигига АҚШга кириш учун фуқароларга виза талабларини енгиллаштириш бўйича Қўшма Штатлар билан музокараларни бошлаш топширилган эди.

Нью-Йорк университетининг Абу-Дабидаги (БАА) профессори, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов 2024 йил март ойида АҚШ нега Қозоғистон ва Қирғизистон фуқароларига 10 йиллик, Ўзбекистон фуқароларига эса атиги 1 йиллик виза беришига изоҳ бераркан, бу ўзаролик (reciprocity) тамойили билан боғлиқлигини таъкидлаган. «Агар бирор мамлакат америкаликларга 10 йиллик виза бермаса, АҚШ ҳам бу мамлакат фуқароларига худди шундай муддатли виза бера олмайди», — деб ёзган эди.

2025 йил апрель ойида АҚШ элчиси Жонатан Хеник Америка визасини олишдаги қийинчиликлар барча фуқаролар белгиланган виза қоидаларига риоя қилмаслиги билан боғлиқлигини таъкидлаган эди.