
Тошкентда чиқинди олиб кетиш хизмати учун қарзи бор абонентларга электр энергияси тўловини амалга ошириш имкониятини чеклаш тажрибаси синов тариқасида йўлга қўйилди. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази директори ўринбосари Диёрбек Нишонов маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 2025 йил декабрь ойидан бошлаб бу тартиб Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам амал қила бошлайди.
Чиқинди олиб кетиш учун қарз мавжуд бўлганда, 2100 рақамидан огоҳлантирувчи SMS-хабарномалар юборилади. Агар қарз 5 кун ичида тўланмаса, олтинчи кундан бошлаб электр энергияси учун тўлов имконияти чекланади. Бу шуни англатадики, тўланган лимит тугагандан сўнг, истеъмолчи электр энергияси учун янги тўловни амалга ошира олмайди.
2025 йил 3 ноябрдан 6 ноябргача пойтахтнинг 20 мингга яқин аҳолиси SMS орқали хабарнома олди. «ҲЭТ» декабрь ойида янги тартибнинг самарадорлиги ҳақида хабар беришни ваъда қилди.
Чиқинди олиб кетиш хизмати учун қарздорларнинг электр энергияси тўловини вақтинча чеклашни назарда тутувчи қонун 2025 йил 8 июндан кучга кирди. Чекловлар фақат 3 ой давомида чиқинди олиб кетиш учун тўловни амалга оширмаган абонентларга нисбатан жорий этилади ва фақат 2025 йил 1 июлдан кейин шаклланган қарзларга нисбатан қўлланилади.

