Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун қатор имтиёзлар жорий этилмоқда

2026 йилдан бошлаб давлат тиббиёт муассасалари ходимлари Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан энг кам иш ҳақи миқдорида мукофот олади. Маблағлар тиббиёт муассасаларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш фонди ҳисобидан тўланади.

Бу ва бошқа имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат тиббиёт муассасаларида ишловчи тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорида назарда тутилган.

Ҳар йилги танлов

Ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида нишонланадиган касб байрамига ҳар йили «Республика шифохонасининг энг яхши раҳбари», «Соғлиқни сақлаш ҳудудий органининг энг яхши раҳбари», «Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш органининг энг яхши раҳбари», «Оилавий поликлиниканинг энг яхши раҳбари», «Туман (шаҳар)нинг энг яхши шифокори», «Туман (шаҳар)нинг энг яхши ўрта тиббиёт ходими», «Энг яхши оилавий поликлиника», «Энг яхши туман (шаҳар) шифохонаси» ва «Энг яхши ҳудудий шифохона» номинациялари бўйича танлов ўтказилади.

Ғолиблар Тиббиёт ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан бир марталик мукофот билан рағбатлантирилади: тиббиёт муассасалари — 500 миллион сўм, тиббиёт ва раҳбар ходимлар — 30 миллион сўм.

Танлов ғолибларига давлат мукофотлари ҳам тақдим этилади ва ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан менежмент ва бошқа замонавий дастурлар асосида хорижий таълим ва илмий ташкилотларда ўқишга тавсия қилинади.

2026 йилдан бошлаб имтиёзлар

2026 йил 1 январдан бошлаб миллий аккредитациядан ўтган ходимлар учун лавозим маошининг 10% миқдорида ҳар ойлик устама жорий этилади.

Давлат тиббиёт муассасаларида камида 3 йиллик иш стажига эга тиббиёт ва фармацевтика ходимлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан йилига бир марта бепул юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам олишлари мумкин.

Тиббиёт ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан туман (шаҳар) даражасида янги даволаш усулларини жорий этган ва ижобий натижаларга эришган шифокорларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти тўланади.

Давлат тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг халқаро илмий-техникавий маълумотлар базаларида индексланадиган ва юқори импакт-факторга эга журналларда мақолалар чоп этиш билан боғлиқ харажатларини тўлиқ қоплаб беради.

Бундан ташқари, барча ходимлар учун барча турдаги давлат хизматлари учун тўлов миқдори 2 баробар камайтирилади.

Давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йиллик иш стажига эга тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг фарзандларига Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналиши бўйича йиллик шартнома суммасининг 30% миқдорида, аммо базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан ошмаган қисми компенсация қилинади.

Ҳар йили давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йиллик иш стажига эга 500 нафар тиббиёт ва фармацевтика ходимининг ипотека кредити асосида сотиб олинаётган уй-жой учун дастлабки бадалининг 25%и қопланади.

Камида 15 йиллик иш стажига эга ходимларга йилига бир марта Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва тиббиёт муассасаси маблағлари ҳисобидан мамлакат санаторийларига бепул йўлланма берилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига 2026 йилдан бошлаб юқорида кўрсатилган мақсадлар учун тиббиёт ривожлантириш жамғармасига ҳар йили қўшимча индексация қилинадиган 100 миллиард сўм ажратиш топширилди.

Аввалроқ, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб давлат тиббиёт муассасаларининг иш вақти режими беш кунлик иш ҳафтасига ўтказилиши ҳақида ёзган эдик. Байрам ва дам олиш кунлари иш навбатчилик асосида ташкил этилади.

Қарорнинг мақсадлари сифатида тиббиёт муассасалари ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, самарали ишлаши учун муносиб шароитлар яратиш, шунингдек, «Шифокор — аҳоли саломатлиги посбони» шиори остида шифокорларнинг жамиятдаги обрўсини ошириш кўрсатилган.