«АҚШ билан шериклигимиз кимгадир қарши эмас, балки нимадир учун қурилиши керак» — СТМИ директори

Марказий Осиё мамлакатларининг АҚШ билан шериклиги «кимгадир қарши эмас, балки нимадир учун — ривожланиш, барқарорлик ва фаровонлик учун қурилиши керак». Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СТМИ) директори Элдор Орипов АҚШнинг етакчи таҳлилий марказларидан бири — Атлантика Кенгаши майдонида Вашингтонда сўзлаган нутқида маълум қилди.

«Бугун бизда умумий қарашни умумий ютуққа айлантириш учун тарихий имконият бор», — деди, 2025 йил 6 ноябрь куни Оқ уйда бўлиб ўтган «C5+1» («Марказий Осиё — АҚШ») саммити якунларига бағишланган тадбирда.

«Саммит шунчаки навбатдаги мулоқот раунди бўлмади. У Қўшма Штатлар томонидан минтақавий консолидация жараёнини, Марказий Осиё мамлакатларининг мустақиллиги ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлашнинг намоёни, шунингдек, янги воқелик — янада бирлашган, олдиндан айтиш мумкин бўлган ва етакчи жаҳон давлатлари учун самарали шерик сифатида ҳаракат қилишга қодир Янги Марказий Осиё пайдо бўлганини эътироф этиш бўлди», — деди.

«[Минтақа мамлакатларининг] аввалги рақобати ўрнига барқарор ривожланиш фақат ҳамкорлик орқали мумкинлиги ҳақидаги тушунча пайдо бўлди. Бугунги кунда минтақа бир овозда гапирмоқда ва умумий муаммоларни ҳал этишда етуклик ва масъулиятни намойиш этмоқда», — деди Элдор Орипов.

Саммит, шунингдек, Марказий Осиё Евроосиёнинг янги геоиқтисодий динамикасининг шаклланаётган маркази сифатида тан олиниши бўлди, дея давом этди СТМИ раҳбари. Минтақа стратегик жойлашуви, ресурслари ва ўсиб бораётган салоҳияти туфайли етакчи давлатларнинг эътиборини тобора кўпроқ жалб қилмоқда.

«Тенглик, очиқлик ва манфаатлар мувозанати тамойилларига асосланган янги ўзаро ҳамкорлик меъморчилиги аста-секин шаклланмоқда. Марказий Осиё йирик ўйинчилар ўртасидаги рақобат эмас, балки ҳамкорлик макони бўлиб қолиши керак», — дея таъкидлади.

Элдор Ориповнинг фикрича, АҚШ Марказий Осиёнинг стратегик мустақиллиги ва технологик ривожланишига ёрдам бериш орқали унинг очиқлиги ва барқарорлигини сақлашда асосий роль ўйнаши мумкин.

«Гап нафақат энг янги технологияларга кириш, балки инсон капиталига — ёшларимизнинг билими, кўникмалари ва касбига сармоя киритиш ҳақида ҳам кетмоқда», — дея урғулади СТМИ раҳбари.

Мунозарада АҚШ маъмурияти ва Конгресси, эксперт ва таҳлилий ҳамжамияти вакиллари иштирок этди. Тадбир модератори сифатида Атлантика Кенгаши Евроосиё марказининг катта директори, АҚШнинг Ўзбекистон ва Украинадаги собиқ элчиси Жон Хербст сўзга чиқди. Ўзбекистон томонидан Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам иштирок этди.