
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 6 ноябрь куни Вашингтонда Американинг етакчи компаниялари, инвестиция фондлари ва молия институтлари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Давлат раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.
«Ўзбекистонда биз кучли, технологик ва адолатли иқтисодиётни қурмоқдамиз. 2030 йилга бориб, саноат ишлаб чиқариш ҳажмини икки баравар ошириш ва мамлакат маҳсулотларининг учдан бир қисми юқори қўшилган қийматга эга бўлишига эришмоқчимиз», — дея таъкидлади.
Президентнинг сўзларига кўра, бу мақсадларга эришиш учун мамлакатга Америка технологиялари ҳар қачонгидан ҳам зарур.
«Бу ҳар йили камида 35 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб қилиш ва бутун мамлакат бўйлаб 250 мингга яқин янги иш ўринлари яратиш имконини беради. Буларнинг барчаси келажак учун мустаҳкам пойдевор бўлади», — дея урғулади Шавкат Мирзиёев.
Энергетика
Президент энергетикани ўзаро ҳамкорликнинг биринчи устувор йўналиши деб атади. К 2030 йилга бориб, Ўзбекистонда 18−20 ГВт қайта тикланувчи қувватга эга янги авлод энергетика тизимини яратиш режалаштирилган, бунда умумий электр энергиясининг ярмидан кўпи қуёш ва шамол ҳисобига ишлаб чиқарилади.
Унинг таъкидлашича, замонавий тармоқлар ва сақлаш тизимлари туфайли энергия нархи 15%га паяди.
«Бу минтақадаги энг паст тарифлардан бирига айланади ва саноатни жадал ривожлантириш ҳамда инвестицияларни жалб қилиш учун асос яратади. АҚШ билан биргаликда биз тоза генерациядан „ақлли“ тармоқлар ва энергетика платформаларига ўтишни мақсад қилганмиз», — деди Президент.
Хомашё
Шерикликнинг иккинчи йўналиши стратегик хомашёни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳаси деб аталди.
«Ўзбекистон уран, мис, вольфрам, молибден ва графитни қазиб олиш ва чуқур қайта ишлашни ривожлантирмоқда. Биз Қўшма Штатлар билан биргаликда муҳим минералларнинг ишончли таъминот занжирини яратишга ва замонавий қайта ишлаш технологияларини жорий этишга тайёрмиз», — деди Мирзиёев.
Унинг сўзларига кўра, бу энергетика ва машинасозликдан тортиб, аккумулятор тизимлари ва электр транспортигача бўлган янги илғор ишлаб чиқаришлар учун асос яратади.
Логистика
Президент учинчи йўналиш сифатида транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва минтақавий интеграцияни белгилади.
«Биз автомобиль ва темир йўлларни, юк терминаллари ва аэропортларни модернизация қилмоқдамиз. Бу лойиҳалар 2030 йилга бориб логистика харажатларини 25 фоизга камайтириш, юк ташиш ҳажмини 40 фоизга ошириш ва транспорт ҳамда инфратузилмани ривожлантиришга 12 миллиард доллардан зиёд маблағ йўналтириш имконини беради», — деди.
Мирзиёев Ўзбекистон АҚШ билан биргаликда логистика ва терминалларни бошқариш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини қўшимча қилди.
IT
Ўзбекистонда сунъий интеллект ва рақамлаштиришни ривожлантириш дастурлари қабул қилинган. Унинг сўзларига кўра, Американинг Google, Meta ва Nvidia компаниялари бу соҳага қизиқиш билдирмоқда.
Шахсий маълумотларни сақлаш ва рақамли платформаларни тартибга солиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
«Биз Америкалик ҳамкорлар билан қонунчиликни янгилаш бўйича ишларни якунламоқдамиз. Бу глобал тўлов тизимлари Apple Pay ва Google Pay’ни ишга тушириш, шунингдек, рақамли академиялар ва стартап-хаблар тармоғини яратиш каби янги технологик шериклик учун имкониятлар яратади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент АҚШ савдо вазири Говард Латник билан саноат ҳамкорлиги бўйича 3 йиллик дастур юзасидан келишиб олинганини маълум қилди.
Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) ва АҚШ Эксимбанки раҳбарлари билан лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун замонавий молиявий воситалардан фаол фойдаланиш бўйича келишувга эришилди.
«Биз аллақачон сиёсий ва ҳукумат даражасида ишончли муносабатларни ўрнатганмиз. Энди бизнес билан шерикликни йўлга қўйиш, уни аниқ лойиҳалар билан тўлдириш ва уларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқаришга ўтиш вақти келди», — дея сўзини якунлади Президент.

