Ўзбекистонда шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун қайта кўриб чиқилади. Бу Apple Pay ва Google Pay’ни ишга тушириш имконини беради

Ўзбекистонда шахсий маълумотларни сақлаш тўғрисидаги қонунчилик қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 6 ноябрь куни Вашингтонда Америка компаниялари билан учрашувда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамлаштиришни ривожлантириш дастурларини қабул қилган.

Президент Google, Meta ва Nvidia каби йирик АҚШ технологик корпорациялари аллақачон бу соҳага қизиқиш билдирганини маълум қилди.

Шахсий маълумотларни сақлаш ва рақамли платформаларни тартибга солиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

«Биз Америкалик ҳамкорлар билан қонунчиликни янгилаш бўйича ишларни якунламоқдамиз. Бу глобал тўлов тизимлари Apple Pay ва Google Pay’ни ишга тушириш, шунингдек, рақамли академиялар ва стартап-хаблар тармоғини яратиш каби янги технологик шериклик учун имкониятлар яратади», — деди Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон 24» телеканали сюжетида.

2021 йилда Ўзбекистонда Шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилган эди. Ҳужжатнинг 27-1-моддаси компанияларни Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари қайта ишланадиган серверларни мамлакат ичида жойлаштиришга мажбурлайди. Молиячи Шуҳрат Қурбонов ушбу меъёрни талқин қилишдаги муаммони қайд этган эди.

«Халқаро ўйинчиларнинг бизнинг бозорга киришга уринишларидаги муаммо — ва мен ҳозир биринчи навбатда Google Pay ва Apple Pay ҳақида гапиряпман — шунчаки қонун айнан бизда одатда қонунлар ёзиладиган тилда ёзилгани сабабли юзага келди. Яъни, катта истак билан уни талқин қилувчи томон учун қулай бўлган ҳар қандай тарзда талқин қилиш мумкин. Тушунтириш сўраш эса — кимдан сўраш номаълум», — деди.

Президент Администрациясининг Молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект департаменти бошлиғи ўринбосари Ҳикматилла Убайдуллаев ҳам ушбу меъёрнинг талқинидаги ноаниқлик туфайли бизнесда хавотир уйғотаётганини таъкидлаган эди.

2025 йил июль ойида Шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонуннинг 27-1-моддаси келтириб чиқараётган ҳуқуқий хатарлар муҳокама қилинди. Учрашув иштирокчилари ортиқча тартибга солишдан қочиш учун маълумотларни локализация қилишга ёндашувни қайта кўриб чиқишни таклиф қилдилар.

Жаҳон банки ҳам аввалроқ хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун шахсий маълумотларни локализация қилиш талабларини юмшатишни таклиф қилган эди.