ЮНЕСКОнинг янги раҳбари этиб Мисрдан Халед Ал-Анани сайланди

ЮНЕСКО Бош конференцияси 6 ноябрь куни Самарқанддаги 43-сессиясида Халед Ал-Ананини (Миср) ташкилотнинг янги бош директори этиб сайлади. У 2017 йилдан бери бу лавозимда ишлаб келаётган Одрэ Азулени алмаштиради, дея хабар беради ЮНЕСКО матбуот хизмати.

Халед Ал-Анани 179 та овознинг 172 тасини олди. 12-бош директор бўлган янги раҳбар 2025 йил 15 ноябрдан ўз лавозимига киришади. У ташкилот тарихида араб мамлакатидан бўлган биринчи раҳбар ва Амаду-Махтар М’Боудан (Сенегал, 1974−1987) кейин бу лавозимдаги Африканинг иккинчи вакили бўлади.

54 ёшли Халед Аҳмед Ал-Анани Али Эзз — Ҳелван университетининг мисршунослик профессори бўлиб, 30 йилдан ортиқ вақт давомида дарс бериб келмоқда. У туризм ва меҳмонхона менежменти факультети декани ўринбосари, Очиқ таълим маркази директори ва туризм соҳасида раҳбарлик кафедраси мудири лавозимларида ишлаган.

У Франциянинг Монпелье шаҳридаги Поль Валери университетида мисршунослик фанлари доктори (PhD) даражасини олган ва у ерда бир неча бор таклиф этилган профессор бўлган.

2014–2016 йилларда Миср цивилизацияси миллий музейига, 2015–2016 йилларда эса Қоҳирадаги Миср музейига раҳбарлик қилган. 2016 йилдан 2022 йилгача Қадимий ёдгорликлар вазири, сўнгра Миср туризм ва қадимий ёдгорликлар вазири лавозимида ишлаган.

2024 йил ноябрида Жаҳон туризм ташкилотининг маданий туризм бўйича махсус элчиси этиб тайинланган, кейин эса Бутунжаҳон мероси Африка жамғармасининг васийси бўлган. У араб, француз ва инглиз тилларини билади.

Эслатиб ўтамиз, ЮНЕСКОнинг амалдаги бош директори Одрэ Азуле аввалроқ Самарқандда сўзга чиқиб, бугунги кунда иқлим ўзгариши, можаролар ва табиий офатларга қарши туриш учун дунёга ҳар қачонгидан ҳам бирлик кераклигини айтган эди.