
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 6 ноябрь куни Оқ уйда бўлиб ўтган Марказий Осиё ва АҚШ давлат раҳбарларининг «С5+1» форматидаги саммитида иштирок этди.
Тадбир АҚШ Президенти Дональд Трамп раислигида ўтди. Унда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам иштирок этдилар.
Ўзбекистон раҳбари саммитни ташкил этгани учун Трампга миннатдорчилик билдирди. Унинг таъкидлашича, «С5+1» формати 10 йил ичида минтақавий ҳамкорлик, савдо, транспорт ва энергетика алоқаларини ривожлантиришнинг самарали механизмига айланди.
Мирзиёев ҳозирги учрашув Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги стратегик мулоқотнинг янги босқичини очаётганини таъкидлади.
Ўз нутқида Президент аъзо давлатларда ротация асосида жойлаштириладиган доимий фаолият юритувчи «С5+1» Котибиятини ташкил этишни таклиф қилди.
Шунингдек, у давлат органлари, бизнес ва молия институтлари ўртасида тизимли мулоқотни йўлга қўйиш учун вазирлар даражасида Инвестициялар ва савдо бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашни тузиш зарурлигини кўрсатиб ўтди ва «Марказий Осиё инвестициявий шериклиги» жамғармасини ишга тушириш муҳимлигини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёни Жанубий Кавказ ва Европа билан боғлайдиган йирик транспорт-коммуникация ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш бўйича АҚШ билан фаол ҳамкорлик қилишга Ўзбекистон тайёрлигини билдирди.
Давлат раҳбари, шунингдек, тайёр маҳсулотларни қидириш, қазиб олиш, қайта ишлаш ва глобал таъминот занжирларига киритиш билан шуғулланадиган Муҳим минераллар бўйича махсус қўмита тузишни таклиф қилди.
Бундан ташқари, Мирзиёев Америка технологияларини қўллаган ҳолда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш учун Агротехнологик инновациялар минтақавий шериклигини ташкил этишни таклиф қилди ва АҚШ музейларида Марказий Осиё мамлакатларининг маданий меросига бағишланган қўшма кўргазма ўтказишни таклиф қилди.
Ўз сўзининг сўнгида, давлат раҳбари навбатдаги саммитни Самарқандда ўтказишни таклиф қилди.
АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Марказий Осиёга аввалгидан кўра кўпроқ эътибор қаратиш ниятида. Бу ҳақда 2025 йил 5 ноябрь куни Вашингтонда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон каби бешта Марказий Осиё давлати делегациялари иштирокидаги учрашувда АҚШ ҳукумати вакиллари гапиришди. Тадбир АҚШ ва минтақа давлатларини бирлаштирувчи «С5+1» форматининг 10 йиллигига бағишланган бўлиб, 6 ноябрда бўлиб ўтган президентлар саммитидан олдин ўтказилган эди.

