Тошкент вилоятида 200 минг кишига мўлжалланган «ақлли» CA Smart City шаҳри қурилиши режалаштирилмоқда

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида Central Asia Smart City йирик лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, ташаббускорлар уни келажакдаги Марказий Осиёдаги энг йирик эркин савдо-саноат-логистика ва молия маркази сифатида тақдим этмоқдалар. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан муҳокама учун эълон қилинган Президент қарори лойиҳасида айтилган.

Лойиҳа 2025—2035 йилларда 6400 гектар майдонни босқичма-босқич ўзлаштириш ва 10 млрд долларгача тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишни назарда тутади.

Ҳужжатга кўра, лойиҳанинг ташаббускори ва бошқарувчи компанияси сифатида Going Investment қўшма корхонасини белгилаш таклиф қилинмоқда. Лойиҳага Франциянинг Bureau Veritas Consulting Co., Япониянинг Ainergy Co. Ltd., Туркиянинг ND İmar İnşaat ve Ticaret A.Ş. ва Ўзбекистон Иқтисодиёти Ассамблеяси ҳам жалб қилинган.

Биринчи босқичда инвесторга 500 гектар ер участкаси берилиши режалаштирилган — у ерда молия маркази, логистика, муҳандислик инфратузилмаси ва биринчи инвестиция объектлари жойлаштирилади. Қолган 5900 гектар биринчи майдончанинг камида 50 фоизи ўзлаштирилгандан сўнг ажратилади.

Проект 200 минг аҳолига мўлжалланган «ақлли ва яшил» шаҳар қурилишини, 400 гектарда махсус иқтисодий зоналар ва илмий-технологик кластерлар ташкил этилишини, шунингдек, минтақадаги энг йирик савдо-логистика хаби ва халқаро молия маркази (ислом молиясининг ахлоқий тамойилларини бирлаштирган ҳолда) шакллантирилишини назарда тутади. Инфратузилмани халқаро аэропортлар билан интеграция қилиш режалаштирилган.

Алоҳида банд билан ал-Хоразмий номидаги Халқаро билимлар ва технологиялар марказини ташкил этиш белгиланган.

Central Asia Smart City ҳудудида англо-саксон ҳуқуқ тизимига асосланган махсус ҳуқуқий режим амал қилади. Адлия вазирлигига инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатлар ва ҳакамлик (арбитраж) каби низоларни ҳал қилишнинг шаффоф механизмларини тайёрлаш топширилган. Лойиҳа иштирокчилари учун махсус иқтисодий зоналарга ўхшаш солиқ, божхона, ер, виза ва меҳнат преференциялари, ижтимоий объектлар учун эса беш йил муддатга ер ва мол-мулк солиқлари бўйича 50 фоизлик имтиёз амал қилади.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган олиб кириладиган қурилиш материаллари ва ускуналари божхона тўловларидан озод қилинади.

Бош ва мастер-режани Туркиянинг ND İmar İnşaat ve Ticaret A.Ş. компанияси ишлаб чиқади, меъёрларга мувофиқлик назорати Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига юклатилган.

Алоҳида банд билан Тошкент — Нурафшон — Central Asia Smart City — Олмалиқ — Оҳангарон йўналиши бўйича тезюрар трамвай линиясини (енгил рельсли транспорт, LRT) Давлат-хусусий шериклик (ДХШ) форматида қуриш назарда тутилган.

Бошқарувчи компанияга хорижий банклар ва фондларни жалб қилишга, шунингдек, 75 минг ўринли кампусга эга Марказий Осиё хусусий Халқаро билимлар ва технологиялар университетини ташкил этишга рухсат берилиши мумкин.

Хорижий мутахассислар ва инвесторлар учун соддалаштирилган виза ва миграция тартиби кўзда тутилган — ТИВ, ИИВ ва Бандлик вазирлиги визалар ва рухсатномаларни давлат божларисиз расмийлаштиради.

Эслатиб ўтамиз, бошқа бир лойиҳага кўра, Юқори Чирчиқ туманида Жанубий Кореянинг Haehan Architecture компанияси билан ҳамкорликда 400 гектар майдонда Tashkent Medical Smart City қурилиши режалаштирилган. Инвестиция ҳажми — 5 млрд доллар. Лойиҳа доирасида тиббиёт муассасаси, мактаб, болалар боғчаси, корейс услубидаги турар-жой мавзеи ва бошқа объектлар қурилади.

Лойиҳа ташаббускори ҳақида нималар маълум

Going Investment компанияси 2025 йил 31 январда Тошкентда 4,25 трлн сўм (353,6 млн доллар) устав капитали билан рўйхатдан ўтган. У ўзини «қурилиш, интеллектуал технологиялар ва инвестициялар орқали келажак шаҳарларини шакллантирувчи инновацион компаниялар гуруҳи» сифатида тақдим этади.

Компания муассислари сифатида Мухтор Мансурходжаевич Умаров (60%), Жўрабек Кузиевич Матякубов (20%), Ҳасан Доған (10%), Авазбек Абдураҳим ўғли Абдулхаев (5%) ва Дилшодбек Самигович Убайдуллаев (5%) кўрсатилган. Улар бошқа бизнес субъектларида ҳам улушларга эга.

Мухтор Умаров, шунингдек, Ўзбекистон Иқтисодиёти Ассамблеяси раиси ҳисобланади.