
Ўзбекистонда кибержиноятларнинг 98% банк карталари билан боғлиқ. Бу ҳақда 2025 йил 3 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ИИВ Киберхавфсизлик маркази вакили Мақсуджон Мирабдуллаев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 2021—2024 йилларда кибержиноятлар натижасида фуқаролардан 1,9 трлн сўмдан ортиқ маблағ ўғирланган. Фақатгина 2024 йилда етказилган зарар 603 млрд сўмни ташкил этган.
«Агар 2023 йилда жиноятлар умумий тузилмасида кибержиноятлар улуши 6,2% ни ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 44,4% га етди — яъни ҳар икки жиноятдан деярли биттаси ахборот технологиялари ёрдамида содир этилмоқда. Ўтган йили 58,8 мингта жиноий иш қўзғатилган», — деди Мақсуджон Мирабдуллаев.
ИИВ маълумотларига кўра, кибержиноятлар асосан қуйидаги усулларда содир этилмоқда:
- 60% — зарарли ҳаволалар ва дастурларни юбориш орқали, булар ёрдамида фирибгарлар банк карталарига ёки мобил қурилмаларни бошқаришга кириш ҳуқуқини қўлга киритади;
- 16% — банк карталари ва мобил иловалардаги аккаунтларга киришни тасдиқловчи SMS-кодларни олиш учун турли ҳийлалар (масалан, сохта қўнғироқлар) орқали;
- 4% — бошқа шахслар номига ноқонуний онлайн-кредит расмийлаштириш йўли билан;
- 11% — Olx.uz, Olcha ва бошқа савдо сайтларидаги онлайн-платформалардаги фирибгарлик орқали;
- 9% — фуқароларни гўёки фаолият юритаётган электрон биржалар ва онлайн-трейдингга жалб қилиш ҳисобига.
«Дипфейклар, яъни машҳур шахслар — артистлар, блогерлар, спортчиларнинг ташқи кўринишидан фойдаланиб ҳам жиноятлар содир этилмоқда. Сунъий интеллект ёрдамида сохта видеолар яратилиб, кейинчалик улар онлайн-кредитларни расмийлаштиришда қўлланилади. Одамлар уларга ишониб, жабрланувчига айланмоқда. Жиноятларнинг 31% айнан шундай усуллар билан содир этилмоқда», — дея изоҳ берди ИИВ вакили.
Унинг сўзларига кўра, кибержиноятлар кўпинча тизимлар ёки платформалар бузилгани учун эмас, балки одамларнинг эҳтиётсизлиги туфайли содир бўлади.
«Фуқароларнинг ўзлари телефонга келган SMS-кодларни хабар қилишади ёки сохта трейдинг платформаларига ишониб пул ўтказишади. Шунингдек, одамлар онлайн-лотереяларда ютуқ чиққани ҳақидаги хабарларга ишониб, «совғани етказиб бериш учун» пул ўтказиб юборишади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Марказий банк ва тўлов ташкилотлари билан ҳамкорликда тезкор штаблар ташкил этилган. Кибержиноят аниқланганда дарҳол 102 ёки 1102 қисқа рақамларига қўнғироқ қилиш мумкин. Биринчи навбатда, маблағларни йўқотишнинг олдини олиш учун биз уларни ўтказишни блоклашга ҳаракат қиламиз — пул жўнатилган банк карталарини музлатиш имконияти мавжуд», — деди Мақсуджон Мирабдуллаев.
Унинг сўзларига кўра, кибержиноятчилар хориждан туриб ҳам жиноят содир этадилар ва уларни аниқлаш ҳамда ушлаш вақт талаб қилади.
«Ижтимоий тармоқларда кўпинча: «Нима учун ички ишлар органлари пулларимизни қайтармаяпти?» ёки «Нима учун ходимлар жиноятчиларни тез топа олмаяпти?» деб ёзишади. Биз пулларни қайтарадиган орган эмасмиз. Бизнинг вазифамиз — жиноятчиларни ушлаш ва уларни тергов органларига топшириш. Маблағлар суд қарори билан қайтарилади. Агар фуқаролар кибержиноят ҳақида тезкор хабар берса, биз маблағларни музлатишимиз ва шу билан уларнинг қайтарилишини тезлаштиришимиз мумкин», — дея таъкидлади марказ вакили.
ИИВ Киберхавфсизлик маркази, шунингдек, эндиликда ҳар йил якуни бўйича энг кўп кибержиноятлар қайд этилган банклар ва тўлов ташкилотларининг рўйхати эълон қилинишини маълум қилди. Ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотларига кўра, бу ташаббуснинг мақсади — банклар ва тўлов ташкилотларининг киберхавфсизлик талабларига риоя қилиш ва ўз ахборотни ҳимоя қилиш сиёсатини бажариш бўйича масъулиятини кучайтириш.

