ЎзАвтоСаноат келтирган статистикасига кўра, Ўзбекистонда 2024 йилнинг бошидан (январь-сентябрь вақт оралиғида) маҳаллий ишлаб чиқарувчи компаниялар 300 мингдан ортиқ автомобиль сотган. Бу статистик маълумотларга, Ўзбекистонда тўлиқ ёки қисман йиғилган автомобиллар киритилган. Савдо бозорининг 89.4% UzAutoMotors автомобилларига тўғри келган.
Йилнинг бошидан 9 ой давомида маҳаллий ишлаб чиқарувчи компаниялар томонидан 303.373 автоулов сотилган. UzAuto Motors 271.221 та сотилган автомобиллар билан пешқадам бўлиб турибди. Энг кўп Cobalt (99.577 та), Damas (71.875 та) ва Tracker 2 (31.736 та) русумли машиналар сотилган.
Иккинчи ўринда Kia, Cherry, Haval ва Hyundai Truck & Bus автомобилларини қисман ва тўлиқ ишлаб чиқарувчи ADM Jizzakh кетмоқда. Унинг улуши савдо бозорининг 6.5% ни эгаллаган. Компания 19.766 та автомобилни ўз харидорларига етказиб берган. Улардан аксарияти Kia (12.549 та), шу жумладан 3.360 та Kia Sonet.
Учинчи ўринни BYD Uzbekistan Factory, ўзининг 3.8% улуши билан эгаллаган ва 11.580 та (гибрид ва тўлиқ электр) автомобилни сотишга улгурган. Энг кўп BYD Song Plus Champion DM-i (4.668 та), BYD Chazor (2.860 та) ва BYD Song Plus DM-i (1.637 та) русумли машиналари сотилган.