
Ўзбекистон Канада ва Панама билан товарлар ва хизматлар бозорларига кириш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисидаги протоколларни имзолади. Бу ҳақда 2025 йил 24 октябрь куни ўзбек томонидан бош музокарачи, Президентнинг ЖСТ бўйича вакили Азизбек Ўрунов ўзининг LinkedIn саҳифасида маълум қилди.
Ҳужжатлар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳининг 11-йиғилиши доирасида имзоланди.
Ўруновнинг сўзларига кўра, келишувларнинг имзоланиши мамлакатнинг савдо ташкилотига киришга тайёргарлик жараёнидаги муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистон АҚШ, Хитой, Буюк Британия, шунингдек, Европа Иттифоқи каби давлатлар билан ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокараларни аллақачон якунлаган.
Ўрунов аввалроқ бугунги кунга қадар музокаралар 31 та давлат билан якунлангани ва яна 3 та давлат билан келишиб олиш қолганини хабар қилган эди.
Ўзбекистон музокараларни якунлаб, 2026 йил март ойида бўлиб ўтадиган ЖСТнинг 14-вазирлар конференциясига қадар савдо ташкилотининг тўлақонли аъзосига айланишни режалаштирмоқда.
Аъзо бўлиш жараёни доирасида номзодлар ЖСТнинг манфаатдор аъзолари билан тарифлар ва хизматлар бўйича мажбуриятларни ўз ичига олган икки томонлама келишувлар тузишлари шарт. Бу мажбуриятлар кейинчалик аъзо бўлиш жараёни якунлангандан сўнг ЖСТнинг барча аъзоларига татбиқ этилади.

