
Сурхондарё вилоятида XVI асрга оид қадимий тангаларни хорижга олиб чиқишга уринган йўловчи қўлга олинди, дея хабар берди Божхона қўмитаси вилоят бошқармаси матбуот хизмати.
Гумонланувчи Термиз аэропортида қўлга олинган. Қўл юки текширилганда, ичида араб тилидаги ёзувли 5 та қадимий металл танга борлиги аниқланди. Йўловчи уларнинг борлиги ҳақида олдиндан маълум қилмаган.
Эксперт хулосасига кўра, тангалар XVI асрга тегишли. Уларда диний иборалар ва ҳукмдорларнинг исмлари ёзилган. Ушбу буюмлар маданий қадрият деб тан олинган.
Ашёвий далиллар Термиз археология музейига топширилди. Божхона органлари терговга қадар текширув ишларини олиб бормоқда.
Аввалроқ Божхона қўмитаси XIX асрга оид, хорижга олиб чиқишга уриниш чоғида олиб қўйилган 300 га яқин танга ва заргарлик буюмларини Ислом цивилизацияси марказига топширган эди.
2024 йил давомида ва 2025 йилнинг биринчи ярмида маданий қадриятларни ноқонуний олиб чиқишга уриниш билан боғлиқ 299 та ҳолат аниқланди. Божхоначилар 5981 та маданий мерос объектининг юборилишининг олдини олди.

