Кредитларга ўзини ўзи тақиқлаш хизматини қарийб 150 минг Ўзбекистон фуқароси расмийлаштирди

2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 149 465 нафар жисмоний шахс кредитларни расмийлаштиришга ихтиёрий равишда ўзини ўзи тақиқлаш хизматини ўрнатган. Бу ҳақда Кредит-ахборот таҳлил маркази (КАТМ) хабар берди.

Кредит беришни ихтиёрий равишда ўзини ўзи тақиқлаш хизмати 2025 йил 6 июндан ишга тушган эди. Ушбу хизмат кредит битимини тузиш тақиқланган шахслар реестрига киши ҳақидаги маълумотларни киритиш ёки чиқариб ташлаш имконини беради.

Ўз номига қарз расмийлаштиришни 101 467 нафар эркак ва 47 998 нафар аёл блоклаган. Ушбу механизмдан энг фаол фойдаланувчилар 26-35 ёшдаги фуқаролар — 50 180 киши (умумий фойдаланувчилар сонининг 33,6 фоизи). Улардан кейинги ўринларда:

  • 36-45 ёшдагилар — 38 257 киши (25,6%);
  • 26 ёшгача бўлганлар — 28 692 (19,2%);
  • 46-55 ёшдагилар — 18 805 (12,6%);
  • 56 ёшдан катталар — 13 528 (9%).

Хизматни бир неча усул билан улаш ёки ўчириш мумкин:

2023 йилда 2790 нафар фуқаро номига уларнинг хабарисиз 19 млрд сўмлик кредитлар расмийлаштирилганини, 2024 йилнинг 8 ойида эса 874 нафар жисмоний шахс жабрланиб, уларга 36,6 млрд сўм ажратилгани ҳақида хабар берилган эди. Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази маълумотларига кўра, 2019 йилдан 2024 йилгача Ўзбекистонда кибержиноятлар сони 68 баробар ошган.

Аввалроқ Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 43-моддасига қўшимча киритиш бўйича ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйган эди. Тузатиш реклама материалларига кредит олишнинг мумкин бўлган оқибатлари ҳақида огоҳлантиришни мажбурий киритишни назарда тутади.