
Зилзила туфайли вақтинча узилишдан сўнг Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш қайта тикланди. Бу ҳақда Афғонистоннинг Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) энергетика компанияси хабар берди.
Компания маълумотларига кўра, 2025 йил 3 ноябрга ўтар кечаси Саманган ва Балх вилоятларида содир бўлган кучли ер силкинишлари мамлакатга Ўзбекистондан электр энергияси етказиб берувчи электр узатиш линияларига зарар етказган. Таъмирлаш ишлари такрорий силкинишлар, кўчкилар ва кучли шамол туфайли мураккаблашган.
Шунга қарамай, DABS бригадалари зарарларни бартараф этишга муваффақ бўлдилар ва сешанба оқшомига қадар импорт қилинган электр энергияси таъминотини тўлиқ тикладилар, дейилади хабарда.
Компаниянинг маълум қилишича, линия улангандан сўнг Қобул, Бағлон, Парвон, Панжшер, Каписа, Логар, Пактия, Майдан-Вардак, Ғазни, Лағмон ва Нангарҳарда электр таъминоти тикланди.
Тожикистондан ҳам электр энергияси етказиб бериш қайта йўлга қўйилди.
Бугунги кунда Афғонистон ички эҳтиёж учун тахминан 250 МВт электр энергияси ишлаб чиқаради ва Туркманистон, Эрон, Ўзбекистон ва Тожикистондан қўшимча 800 МВт электр энергиясини сотиб олади, бунга йилига 250-280 миллион доллар сарфлайди. Шу билан бирга, Афғонистонга электр энергиясининг асосий етказиб берувчиси Ўзбекистон ҳисобланади.
2025 йил 3 ноябрга ўтар кечаси Афғонистоннинг шимолий Балх ва Саманган вилоятлари туташган жойида 6,3 магнитудали зилзила содир бўлди. Сўнгги маълумотларга кўра, табиий офат натижасида 27 киши ҳалок бўлган ва 960 дан ортиқ киши жароҳатланган.

