Алимент можароси сабаб эр хотини ва боласини пичоқлаб ўлдирди

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида 34 ёшли эркак 27 ёшли хотини ва 2 ёшли қизига ошхона пичоғи билан зарбалар берган, натижада улар вафот этган. Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича, бу ҳодиса 2025 йил 3 ноябрь куни эркакнинг алимент тўламаслиги сабабли юзага келган можаро вақтида содир бўлган.

Жиноят содир этилгандан сўнг гумонланувчи воқеа жойидан яширинган. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Эркак топилиб, ушланган.

Бош прокуратура аниқлик киритишича, аёл ота-онасининг уйида яшаган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси «Дарё»га берган маълумотга кўра, эр-хотиннинг икки нафар фарзанди бўлган.

Гумонланувчига алимент тўлаш зарурлиги ҳақида бир неча бор огоҳлантиришлар берилган. Унинг хорижга чиқиши чекланган эди.

2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, қарз миқдори 8,3 млн сўмни ташкил этган. Тўланмаганлиги сабабли суд унга 15 сутка қамоқ жазосини тайинлаган. Сўнгги маълумотларга кўра, эркак қарийб 10,5 млн сўм тўлаши керак бўлган.