
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов 2025 йил 28 октябрь куни Президент ҳузурида ўтказилган йиғилишдан сўнг транспорт соҳасидаги харажатларни оптималлаштириш ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш чоралари ҳақида сўзлаб берди.
Унинг сўзларига кўра, 2025 йилги бюджет параметрлари бажарилишига ва 2026 йил учун кўрсаткичлар прогнозига бағишланган йиғилиш доирасида транспорт сектори учун аниқ вазифалар белгиланган.
«Ўзбекистон темир йўллари, Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports каби ташкилотлар учун йил бошидаёқ хизматлар таннархини камида 20% га камайтириш вазифаси қўйилган эди. Жорий йил охиригача бу талабни сўзсиз бажариш топширилди», — дея таъкидлади вазир «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.
У корхоналар харажатларни камида 20%га оптималлаштириш чораларини амалга ошириши шартлигини алоҳида қайд этди.
«2026 йил учун ҳам харажатларни оптималлаштириш ва таннархни пасайтириш бўйича аниқ параметрлар тасдиқланади. Бир ҳафта ичида бу масала бўйича алоҳида қарор қабул қиламиз», — деди Илҳом Маҳкамов.
Вазир йирик транспорт корхоналарини трансформация қилишни, жумладан, уларнинг халқаро рейтингларда иштирок этишини ва тўғридан-тўғри харидларнинг мустақил аудитини ўтказишни давом эттириш режалаштирилаётганини таъкидлади.
Илҳом Маҳкамов, шунингдек, транспорт секторини «яширин иқтисодиётдан» олиб чиқиш устувор вазифалардан бири бўлиб қолаётганини маълум қилди.
«Мисол учун, такси фаолиятини ўзини ўзи банд қилиш тизими орқали қонунийлаштириш мумкин — бу аллақачон ўз натижаларини берди. Халқаро юк ташиш билан шуғулланувчи компаниялар ўз айланмаларини банк ҳисоб рақамлари орқали акс эттира бошладилар, бу ҳам ижобий тенденция», — деди вазир.
Шу билан бирга, дея қўшимча қилди у, ички юк ташиш бозорида фаолият юритаётган компанияларда ҳисоботнинг йўқлиги яширин иқтисодиёт шаклларидан бири бўлиб қолмоқда.
«Рақамлаштириш ва ҳисобот тизимини жорий этиш орқали биз ушбу соҳа ҳам соядан чиқишига эришамиз», — дея сўзини якунлади Илҳом Маҳкамов.
«Газета» ўрганган молиявий ҳисоботга кўра, Uzbekistan Airways биринчи ярим йилликни 8,7 трлн сўм даромад билан (+14,6%) якунлаган, соф фойдаси эса 44,9% га — 269 млрд сўмдан 389,9 млрд сўмгача ошган. Шу билан бирга, таннарх 11,4% га — 7,6 трлн сўмгача кўпайган.
Uzbekistan Airports ягона корпоратив ахборот порталида 2025 йил учун чораклик ҳисоботларни эълон қилмаган, «Ўзбекистон темир йўллари» эса 2022 йилдан бери уларни эълон қилмаяпти.
Ички авиақатновлар нархи йиллик ҳисобда (2024 йил октябрига нисбатан) 52,4% га, хорижий авиақатновлар эса 2% га ошган. Поездларда юриш 4% га, автобусларда 22,3% га, шаҳарлараро автобусларда 11,1% га қимматлашган, шу вақтда авиачипталар 3,5% га арзонлашган (+17,3%).

