Украинадаги меҳнат қуллигидан озод қилинган 19 нафар Ўзбекистон фуқароси Ватанга қайтарилди

2025 йил сентябрь ойида Киев вилоятидаги меҳнат қуллигидан озод қилингани хабар қилинган 19 нафар Ўзбекистон фуқароси Ватанга қайтарилди, дея хабар бермоқда «Дунё» АА. Бунга Ўзбекистон элчихонаси, Украина Миллий полицияси ҳамда Халқаро миграция ташкилотининг (ХМТ) Украина ва Молдовадаги офисларининг мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари туфайли эришилди.

Украина полицияси ва прокуратураси Ўзбекистон фуқароларини иссиқхонада мажбурий меҳнатга жалб қилган бир гуруҳ шахсларнинг ҳибсга олингани ҳақида хабар берганидан сўнг, Ўзбекистон элчихонаси уларнинг қонуний ҳуқуқларини тиклаш, Украинадан хавфсиз чиқиб кетишлари учун ҳужжатлар ва ташкилий масалаларни ҳал қилишга киришди, дейилади хабарда.

Дастлаб 22 ёшдан 42 ёшгача бўлган 13 нафар жабрланувчи ҳақида хабар берилган эди. Полиция маълумотларига кўра, схема 51 ёшли Хитой фуқароси томонидан ташкил этилган бўлиб, унга яна икки нафар ХХР фуқароси, Таиланд фуқароси, шунингдек, 5 нафар украиналик ва бир Ўзбекистон фуқароси ёрдам берган. Ўзбекистонликларга юқори маош ваъда қилинган, бироқ улар Украинага келганидан сўнг паспортлари олиб қўйилган.

Музокаралар натижасида барча 19 нафар фуқарога расман «жабрланувчи» мақоми берилди, бу эса Украина қонунчилиги бўйича уларга нисбатан ҳар қандай санкция қўлланилишини истисно қилди.

ХМТнинг Украина ва Молдовадаги офислари томонидан молиялаштирилиши асосида Ўзбекистон фуқаролари 28 октябрь куни Киевдан Кишинёвга автотранспортда етказилди. Молдова пойтахтида уларга хавфсиз яшаш шароитлари, озиқ-овқат ва зарур ёрдам кўрсатилди.

2025 йил 2 ноябрь куни барча 19 нафар фуқаро ХМТ ваколатли шахслари ҳамроҳлигида Кишинёв-Истанбул-Урганч йўналиши бўйича парвоз қилди ва 3 ноябрь куни Ўзбекистонга етиб келди.