Аҳоли учун хавф туғдирувчи автозаправкаларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш таклиф қилинмоқда

Ўзбекистонда 2026 йил апрелига қадар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдирувчи, жамоат, экологик, саноат ва ёнғин хавфсизлиги талабларига, шунингдек, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, жумладан, муҳофаза зоналари талабларига жавоб бермайдиган автомобиль ёнилғи қуйиш шохобчаларини (АЁҚШ) хавфсиз ҳудудларга кўчириш таклиф этилмоқда.

Бу Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан ишлаб чиқилган «Автомобиль ёнилғи қуйиш шохобчаларидаги аварияларнинг олдини олиш ва инсон ҳаётига таҳдид солувчи омилларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарори лойиҳасида назарда тутилган.

Ҳужжатда 2026 йил 1 мартгача ўтказилган инвентаризация натижаларидан келиб чиқиб, барча АЁҚШлар фаолиятини белгиланган минимал талабларга мувофиқлаштириш таклиф этилган.

Қарор лойиҳасида АЁҚШлар кўчирилганда янги ер участкалари зарур инфратузилмага эга ҳудудлардан берилиши кўрсатилган. Агар АЁҚШ эгалари фаолият турини ўзгартиришга қарор қилса, уларга аввалги ҳудудда қолишга рухсат бериш таклиф қилинмоқда.

Жорий йилда автомобиль ёнилғисини сақлаш, тақсимлаш ва сотиш бўйича 6196 та объектда ўтказилган инвентаризацияга кўра, 46,7 мингдан ортиқ камчиликлар аниқланган, жумладан: Қурилиш-уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Кадастр агентлиги ва Қурилиш назорати инспекцияси томонидан 2100 дан ортиқ, ФВВ — қарийб 8000 та, Саноат, радиологик ва ядро хавфсизлиги қўмитаси — 25,4 мингдан ортиқ, Ўзэнергоинспекция — қарийб 7900 та камчилик аниқланган.

Қайд этилишича, 7166 та камчилик жойида бартараф этилган. Шу билан бирга, қўпол қоидабузарликларга йўл қўйилган 464 та объект вақтинча ёпилган.

Ҳужжат лойиҳасида, шунингдек, 2026 йилдан бошлаб босим остида ёнилғи сақлаш учун 5 йилдан ортиқ фойдаланилган, шунингдек, ишлаб чиқарилган муддати аниқланмаган резервуарларни мамлакатга олиб кириш тақиқланиши таклиф қилинмоқда. Газ шохобчаларидаги хизмат муддати тугаган амалдаги резервуарлар эса фойдаланишдан чиқарилиши керак.

Бундан ташқари, бир жойга нефть маҳсулотлари (бензин ва дизель ёнилғиси) ва суюлтирилган углеводород газини сақлаш резервуарлари, шунингдек, колонкалар бир вақтда жойлаштирилган контейнерларни ўрнатиш ва улардан фойдаланиш тақиқланиши режалаштирилмоқда.

2026 йил март ойидан бошлаб АЁҚШ ходимларининг билим даражасини ҳар йили текшириш ва юзага келиши мумкин бўлган авария ҳолатларининг олдини олиш мақсадида уларнинг малакасини оширишни жорий этиш мўлжалланган.

2026 йил январь ойидан бошлаб газ баллонларининг техник кўриги тўғрисидаги маълумотларни ҳисобга олиш учун рақамли платформа ишга туширилиши ҳам режалаштирилган. Баллонларга хизмат кўрсатувчи корхоналар текширувлар тўғрисидаги маълумотларни мунтазам киритиб бориши шарт бўлади, талабларга риоя қилинмаган тақдирда уларнинг лицензиялари бекор қилинади.

2024 йил декабрь ойида Фарғонада аҳоли яшаш уйлари яқинида жойлашган, ҳам бензин, ҳам пропан сотган Petrolium ёнилғи қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлган эди (суратда). Ҳодиса жойида бир киши ҳалок бўлган, 3 киши эса шифохонада вафот этган. Яқин атрофдаги уйлардаги квартиралар зарарланган.