
Ўзбекистонда 2025 йил охиригача дори воситаларининг референт нархларини қайта кўриб чиқиш режалаштирилган, натижада 2600 дан ортиқ препаратнинг ўртача нархи 40–60 фоизгача пасайиши мумкин. Бу ҳақда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
2020 йилда дори воситаларининг нархлари референт нарх шакллантириш тизими доирасида рўйхатга олина бошлаган эди. Бу — тартибга солувчи орган томонидан ишлаб чиқарувчининг маҳсулоти нархини ишлаб чиқарувчи мамлакат ва бошқа бир нечта хорижий давлатлардаги нархлар билан таққослаш. Давлат регулятори хориждаги муайян маҳсулот нархларини солиштириб, бозор нархининг чегарасини белгилашга ҳақли бўлиб, сотувчиларга ундан ошиб кетишни тақиқлайди. Жорий йилда рўйхатга дори воситалари нархлари нисбатан паст бўлган Туркия ва Миср давлатлари қўшилди.
Унинг сўзларига кўра, амалдаги нархлар чуқур таҳлил қилинганида, импорт қилинаётган дориларнинг қарийб 65% қўшни давлатларда мавжуд эмаслиги ва қатор позициялар бўйича нархларнинг сунъий ўсиши кузатилаётгани маълум бўлган.
«Бу ҳақда давлат раҳбарига маълум қилинди, у амалдаги референт нархлар тўғрисидаги низомни қисқа муддатларда қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш, уларни ҳаммабоп ва бир хил даражага келтириш бўйича топшириқ берди», — деди.
Фармагентлик бошқарма бошлиғи Сунатилла Облоёровнинг хабар беришича, бугунги кунда дори воситалари нархлари референт нархлар тизими орқали назорат қилинади. Хусусан, нархлари таҳлили асосида Ўзбекистондаги препаратлар нархи белгиланадиган 10 та референт давлат мавжуд.
Облоёровнинг сўзларига кўра, таҳлил жараёнида мамлакатда сотилаётган 7600 турдаги дори воситаларидан қарийб 5000 тасининг референт давлатларда аналоги йўқлиги аниқланган, бу эса нархларни шакллантиришда қийинчиликлар туғдиради ва импортчилар учун нархларни сунъий равишда ошириш учун шароит яратади.
«Таҳлил натижаларига кўра, 2600 дан ортиқ препарат номлари бўйича нархларни тушириш имкониятлари аниқланган ва тегишли компанияларга уларни қайта кўриб чиқиш тавсияси билан хатлар юборилган», — деди агентлик вакили.
У, шунингдек, бугунги кунда фақат рецепт билан бериладиган препаратларнинг нархлари давлат назоратида эканини, рецептсиз бериладиган дори воситаларининг нархи эса чекланмаслигини таъкидлади.
«Нарх шакллантиришда коррупциявий хавфларнинг юзага келиши сабабларидан бири референт давлатлардаги препаратлар нархи тўғрисидаги маълумотларнинг мавжуд эмаслиги. Бу ходимларда қийинчиликлар туғдиради ва суиистеъмолликларга олиб келиши мумкин», — дея қўшимча қилди Облоёров.
Унинг сўзларига кўра, бундай вазиятларнинг олдини олиш учун нарх шакллантириш тизими сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда модернизация қилинади ва аҳоли учун шаффоф, очиқ форматда тақдим этилади.
Ушбу дориларнинг ўртача нархлари 2026 йил 1 январдан бошлаб пасайиши кутилмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йил якунлари бўйича дори воситалари нархи расман 26,2%га, шу жумладан антибиотиклар 28,5%га, тиббий лаборатория хизматлари эса 14,5%га ошган. Бунга, жумладан, дори-дармон ва ветеринария препаратлари, тиббий буюмлар, шунингдек, тиббий ва ветеринария хизматлари учун ҚҚС имтиёзлари бекор қилинганидан кейин йўл қўйилган.
Июнь ойида агентлик раҳбари Абдулла Азизов «Газета»га берган интервьюсида нега фармацевтика узоқ муддатли бизнес экани, референт нархлар тизими қандай ишлаши ва бозордаги вазиятни барқарорлаштириш учун қандай чоралар кўрилаётганини тушунтирган эди.

