
Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги «М-25» («Мустақилликнинг 25 йиллиги») газ конидаги вазият барқарор ва мутахассислар назорати остида, дея баёнот берди Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
2025 йил 3 ноябрь куни вазият юзага келган ҳудуддан хабарлар ва видеоёзувларни тарқалди, унга кўра, қудуқлардан биридан катта аланга отилиб чиққан ва атрофда яна кучли олтингугурт водороди (сероводород) ҳиди тарқалган.
Бундай ҳид биринчи марта 2024 йил 1 сентябрда, коннинг 604-сонли қудуғида бурғулаш ишлари вақтида авария туфайли олтингугурт водороди миқдори юқори бўлган газ сизиб чиққанида пайдо бўлган эди. Ўшанда маҳаллий аҳоли эвакуация қилинган. Улар саломатлиги ёмонлашганидан шикоят қилишган, кўплар шифохонага ётқизилган.
2025 йил март ойи охирида 202-сонли қудуқда Энергетика вазирлиги «назорат қилинадиган» деб атаган газ отилиб чиқиши содир бўлган эди. Табиатга зарар етказиш ва ҳаво ифлосланишининг олдини олиш мақсадида қудуқ ёқиб юборилган.
Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йил 2 ноябрь куни 202-сонли қудуқда аввал ёқилган фавворасимон табиий газ оқимининг машъаласи вақтинча сўнган.
«Мутахассисларнинг сўзларига кўра, бу ҳодиса конда содир бўлаётган геологик жараёнлар натижасида юзага келган», — дейилади хабарда.
Вазирликнинг қайд этишича, атмосферага зарарли моддалар чиқишининг олдини олиш мақсадида «табиий газ тезкорлик билан қайта ёқилган».
«Ушбу жараён атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишнинг стандарт усули бўлиб, саноат хавфсизлигининг халқаро талабларига тўлиқ мос келади. Ҳозирда вазият барқарор ва мутахассислар назорати остида… Бу конни тартибга солиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан боғлиқ штатдаги вазият бўлиб, ҳеч қандай фавқулодда ҳолатлар қайд этилмаган», — дея қўшимча қилди вазирлик.
Энергетика вазирлиги, шунингдек, бу ҳодиса 2025 йил 3 ноябрга ўтар кечаси Афғонистондаги эпицентр билан қайд этилган зилзила билан боғлиқ эмаслигини таъкидлади.

