
2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонга ташриф буюрувчи АҚШ фуқаролари учун 30 кун муддатга визасиз режим жорий этилади. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг 3 ноябрдаги фармонида назарда тутилган.
Фармонда бу янгиликнинг мақсадлари сифатида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш, шунингдек, туризм учун шарт-шароит яратиш кўрсатилган.
2021 йилдан буён Ўзбекистонда АҚШ (ва бошқа бир қатор давлатлар) фуқаролари учун 55 ёшга етган ва туризм мақсадида 30 кунгача муддатга кириб келаётганлар учун визасиз режим амал қилмоқда.
Қўшма Штатлар фуқаролари учун визасиз режим жорий этиш режалари ҳақида Президентнинг жорий йил 15 майдаги мамлакатга туристлар оқимини кескин ошириш тўғрисидаги фармонида ҳам айтилган эди.
Ўша ҳужжатда Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистон фуқароларининг АҚШга кириши учун виза талабларини енгиллаштириш юзасидан АҚШ билан музокараларни бошлаш ҳам топширилган эди.

