
Тошкентда 2025 йил 2 ноябрь куни ЙПХ ходимининг талабига бўйсунмай тўхтамаган ва уни капотда ўнлаб метр судраб борган 23 ёшли ҳайдовчи қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот котиби Зойир Юлдашев хабар берди.
Воқеа Фарғона йўли кўчасида содир бўлган. Инспектор Отабек Маҳмудов жабрланмаган, лекин унинг ҳаёти хавф остида қолган. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеоларда ён қаторда келаётган машина инспектор капотида турган Gentra автомобилининг йўлини тўсгани, шундан сўнг машина тўхтаганини кўриш мумкин.
Ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси — ҳокимият вакилига ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш бўйича жиноят иши қўзғатилди. У 50 дан 100 базавий ҳисоблаш миқдоригача жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Тергов давомида ҳайдовчи ўз автомобилида аввал 144 та Йўл ҳаракати қоидаларини бузгани аниқланди. Шундан 38 тасининг тўлаш муддати ўтган, 30 таси эса Мажбурий ижро бюроси органларига ўтказилган. Умумий қарздорлик миқдори 18 млн сўмдан ортиқ деб баҳоланмоқда.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизматига берган интервьюсида қўлга олинган ҳайдовчи «иш бунчалик жиддий тус олишини кутмагани», пушаймон экани ва бошқа ҳайдовчиларга бундай қилмасликни маслаҳат беришини айтди. У кўз ёшлар билан бу ишни такрорламасликка ваъда берди.

