
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 3 ноябрь куни кам учрайдиган (орфан) касалликлари бор болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни яхшилаш ва фармацевтика соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тақдимот билан танишди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Ҳозирда Ўзбекистонда 5 турдаги орфан ва ирсий-генетик касалликлар билан оғриган 2174 нафар бола давлат бюджети ҳисобидан бепул ташхис, дори воситалари ва ихтисослаштирилган даволовчи озиқ-овқатлар билан таъминланмоқда.
Ташхис сифатининг яхшиланиши натижасида орфан касалликларнинг янги турлари аниқланмоқда, шу билан бирга, даволаниш ва ёрдамга муҳтож болалар сони ортиб бормоқда.
Тақдимотда кам учрайдиган ва бошқа ирсий-генетик касалликлари бор болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни ташкил этишга қаратилган 2026–2030 йилларга мўлжалланган тадбирлар дастури ҳақида маълумот берилди.
Дастурга мувофиқ, даволаниши давлат ҳисобидан молиялаштириладиган касалликлар сони 5 тадан 10 тага кўпайтирилади, ёш чегараси эса 18 ёшдан 21 ёшгача узайтирилади. Дастурни 2026–2030 йилларда амалга ошириш учун 961 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган.
Давлат раҳбари тегишли қарорни имзолади ва дастурни тасдиқлади.

