Škoda Group Ўзбекистонда поездлар йиғиш учун қўшма корхона ташкил этади

Чехиянинг Škoda Group компанияси Ўзбекистонда темир йўл транспортини йиғиш учун қўшма корхона ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания матбуот хизмати Брюсселда Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги бизнес музокаралари якунлари бўйича хабар берди.

Учрашув давомида Škoda Group Ўзбекистон бозорига кириш бўйича стратегик режасини тақдим этди, у маҳаллий темир йўл вагонларини йиғиш, ҳаракат таркибининг бутун ҳаётий цикли давомида техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, шунингдек, Ўзбекистонда мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш учун Škoda Академиясини яратишни ўз ичига олади.

Škoda Group бош директори Петр Новотний, бу йўналишларнинг ҳар бири кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги Битим (КШҲТ) ҳамда European Global Gateway стратегиясини амалга ошириш учун аниқ қадам эканини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё компания стратегиясининг устувор йўналишларидан бири. «Биз Ўзбекистонни Европа ҳамкорларининг янги инвестициялари учун очиқ мамлакат сифатида кўрамиз. У узоқ вақтдан бери бизнинг стратегик манфаатларимиз доирасида бўлиб келган. Шунинг учун биз маҳаллий бозорда барқарор транспорт, таълим ва технологик модернизацияни ривожлантиришга ҳисса қўшиш имкониятидан мамнунмиз», — деди.

Компания маълумотларига кўра, Президент Шавкат Мирзиёев Škoda Group нинг транспорт соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссасини юқори баҳолади ва компаниянинг Ўзбекистон бозоридаги узоқ муддатли иштирокини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Чехия концерни вакиллари билан музокараларда темир йўл ва шаҳар транспорти соҳасидаги ҳамкорликни, жумладан, электропоездлар сотиб олиш ва уларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини муҳокама қилди, дейилади Транспорт вазирлиги хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 24 октябрь куни Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни (КШҲТ) имзолаган эди.

Европа Иттифоқининг Global Gateway стратегияси 2021 йилдан 2027 йилгача 300 миллиард еврогача давлат ва хусусий инвестицияларни жалб қилган ҳолда, бутун дунё бўйлаб энергетика ва транспорт соҳаларини ривожлантириш, шунингдек, соғлиқни сақлаш, таълим ва тадқиқот тизимларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Чехиянинг Škoda компанияси 165 йилдан ортиқ тарихга эга. Компаниянинг асосий маҳсулотларига паст пол доирасидаги трамвайлар, троллейбуслар, электровозлар, шаҳар атрофи поездлари, электр двигателлари, автомобиллар киради. 2023 йил октябрда «Ўзбекистон темир йўллари» ва Škoda Group 320 миллион евролик 30 та электропоезд етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган эди. Бош вазир Абдулла Арипов бу келишувни Ўзбекистон темир йўллари учун инқилобий деб атаган. Қисман паст пол доирасидаги таркибларни ишлаб чиқариш 2024 йилда бошланиши керак эди.