
Сирдарё вилоят судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш йўли билан уй-жойларни тақсимлашда айбини тан олган Мирзаобод туманининг собиқ ҳокими Жонибек Яриевга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди. Унинг кассация шикояти рад этилди. «Газета» суд ҳужжатларини ўрганиб чиқди.
Иш материалларига кўра, Яриев 2020 йил ноябридан 2023 йил октябригача ҳоким лавозимида ишлаб, Сардоба сув омбори тўғони ёрилишидан сўнг «Янги Ўзбекистон» массивида қурилган уйларни тақсимлашда қонунбузарликларга йўл қўйган. Президент фармойиши (№5569) ва Вазирлар Маҳкамаси қарорига (ВМҚ-294) мувофиқ, янги уй-жой фақат уйлари бузилган ёки яшашга яроқсиз ҳолга келган фуқароларга берилиши керак эди.
Бироқ, суд аниқлашича, бир қатор фуқаролар икки марта уй-жой олган, баъзиларига эса тегишли қарорлар ва ордерларсиз уйлар берилган. Давлат ҳисобидан қурилган бу уйларнинг ҳар бири тахминан 375,6 миллион сўмга баҳоланган. Натижада давлатга ва жамиятга катта миқдорда моддий зарар етказилган.
Жараён давомида шаҳарсозлик ҳужжатлари, эксперт хулосалари, космик суратга олиш материаллари ва 20 дан ортиқ гувоҳлар, жумладан, кадастр мутахассиси ва жабрланганларнинг кўрсатмалари ўрганилди.
Ҳукм ва кассация қарори
Кассация шикоятида Жонибек Яриев ва унинг адвокати ҳукмни бекор қилишни ёки ишни тугатишни сўраган. Улар бир нечта асосий далилларни келтирган, хусусан, Яриев ўз фаолияти давомида халқ депутатлари кенгаши раиси бўлиб ишлаганини ва ваколатлари тугагандан сўнг депутат сифатида жавобгарликка тортилмаслиги кераклигини таъкидлаган. Улар «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонунга таяниб, депутатлик фаолияти доирасида қабул қилинган қарорлар учун депутат жавобгарликка тортилиши мумкин эмаслигини (11-модда) билдирган.
Шунингдек, ҳимоячи унинг ҳаракатларида қўйилган моддалар бўйича жиноят таркиби йўқлигини — унинг хатти-ҳаракатлари ваколатни суиистеъмол қилиш ёки мансаб сохтакорлиги белгиларига тўғри келмаслигини айтган.
Бироқ, кассация инстанцияси бу далилларни иш материаллари билан солиштириб, уларни асоссиз деб топди.
Суд хулосаси ва ҳукми
Сирдарё вилояти Ховос туман судининг 2025 йил 28 июлдаги ҳукмига кўра, Жонибек Яриев Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айбдор деб топилди:
- 205-модда 2-қисми «а» банди (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган);
- 209-модда 2-қисми «а» банди (мансаб сохтакорлиги, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган).
Суд қуйидагича жазо тайинлади:
- 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари ва иш ҳақининг 20%ини давлат даромадига ушлаб қолиш;
- 2 йил муддатга давлат улуши бўлган ташкилотларда раҳбарлик ва моддий жавобгар лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш;
- 28,35 млн сўм миқдорида жарима (105 базавий ҳисоблаш миқдори).
Жазо тайинлашда суд енгиллаштирувчи ҳолатларни — айбини қисман тан олиши, чин кўнгилдан пушаймонлиги, 4 нафар фарзанди борлиги ва судланмаганлигини ҳисобга олди. Оғирлаштирувчи ҳолатлар аниқланмади.
Кассация инстанцияси биринчи инстанция ҳукмини қонуний ва асосли деб топди. Қарорда Яриевнинг айби тақдим этилган далиллар йиғиндиси билан тўлиқ исботлангани кўрсатилган.
Натижада Жонибек Яриевга нисбатан чиқарилган ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди, кассация шикояти эса қаноатлантирилмади.
Жонибек Яриев аввалроқ Сирдарё вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари котибияти бошлиғи лавозимида ишлаган. 2020 йил ноябрда Мирзаобод тумани ҳокими этиб тайинланган. 2023 йил октябрда бу лавозимга аввал Ширин шаҳрига раҳбарлик қилган Сарвар Султонов тайинланган.
Сардоба сув омбори тўғонининг ёрилиши Сирдарё вилоятида 2020 йил 1 майда содир бўлган. Сув омбори 2010–2017 йилларда 1,3 трлн сўм (2017 йил 1 январь ҳолатига МБ курси бўйича 404,4 млн доллар) бюджет маблағлари ҳисобидан қурилган. Сув омборидан фойдаланиш билан «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси ҳузуридаги Сардоба сув омбори объектларидан фойдаланиш ва уларни ривожлантириш дирекцияси шуғулланган.
2021 йил май ойида тўғон ёрилиши иши бўйича 17 нафар судланувчига нисбатан ҳукм чиқарилган эди. Улар орасида «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» собиқ директори ўринбосари, UzGIP бўлими бошлиғи, «Сирдарё сув қурилиш инвест» ДУК раҳбари, қурилиш компаниялари раҳбарлари ва ходимлари ҳамда бошқалар бор эди. Уларнинг баъзилари янги фактлар аниқлангани сабабли янги жиноят иши бўйича такроран айбланувчи сифатида жалб қилинган.

