Жиззах вилоятида янги турмуш қурган ёшлар ис газидан заҳарланиб вафот этди, деб тахмин қилинмоқда

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги уйлардан бирида 2025 йил 25 октябрь куни 2 киши ис газидан заҳарланиш тахмини билан вафот этди. Бу ҳақда Sevimli телеканалининг Zamon дастури хабар берди.

Ёш йигит (2004 йилда туғилган) ва унинг турмуш ўртоғи (2006 йилда туғилган) вафот этган. Марҳумнинг отасининг сўзларига кўра, уларнинг тўйи воқеадан атиги 4 кун олдин бўлиб ўтган.

Дастлабки маълумотларга кўра, тутун трубаси беркитилгани сабабли хонада ис гази тўпланган.

«Ғаллаорол тумангаз» бош муҳандиси Сарвар Зокиров уйдаги тутун трубасини ғишт билан ёпиб қўйилганини қайд этди. «Эҳтимол, иситиш қозонининг узлуксиз ёниши туфайли ис гази тўпланган», — дея тушунтирди у.

Навбатчи шифокор Акмал Ҳасанов жабрланувчилар касалхонага биологик ўлим ҳолатида олиб келинганини маълум қилди. У, шунингдек, эр-хотин ухлаётган вақтида ис газидан заҳарланган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни билдирди.

Бош прокуратура матбуот хизмати хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда.

Вазиятни ўрганиш учун махсус комиссия тузилган. Ишчи гуруҳ таркибига ҳокимлик ва фавқулодда вазиятлар бўлими вакиллари, шунингдек, муҳандислар киритилган.