Ўзбекистон Президенти ЮНЕСКО раҳбарини «Дўстлик» ордени билан тақдирлади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош директори Одри Азулени қабул қилди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Суҳбат аввалида Одри Азуле Шавкат Мирзиёевни Ташкилот Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказилгани билан табриклади. Бу сессия сўнгги 40 йил ичида биринчи марта ЮНЕСКОнинг Париждаги қароргоҳидан ташқарида бўлиб ўтмоқда.

ЮНЕСКО раҳбари Ўзбекистон томонининг конференцияни ташкил этиш бўйича олиб борган ишларини ижобий баҳолади, дейилади хабарда.

Конференция доирасида ЮНЕСКОнинг Мактабгача таълим бўйича минтақавий маркази ишга туширилади, Беруний мукофоти ғолибларини тақдирлаш маросими, Самарқанднинг 3000 йиллиги муносабати билан махсус тадбир, шунингдек, музейлар, сунъий интеллект, гендер мавзулари бўйича форумлар ва бошқа кўплаб тадбирлар ўтказилади.

«Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорликнинг юқори даражага етгани қайд этилди. Биргаликда Болалар таълими бўйича Бутунжаҳон конференцияси ўтказилди, Парижда Берунийнинг 1050 йиллиги нишонланди, ушбу буюк олим шарафига халқаро мукофот таъсис этилди», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан ЮНЕСКОнинг учта резолюцияси қабул қилинди. Ташкилотнинг махсус рўйхатларига Ўзбекистоннинг бир қатор янги объектлари ва маданий элементлари киритилди.

Ўзбекистон Президенти ЮНЕСКО билан шерикликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти «фан, таълим ва маданият соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришдаги катта хизматлари, шунингдек, халқимизнинг бой маданий меросини кенг оммалаштиришга қўшган шахсий ҳиссаси учун» Одри Азулега давлат мукофоти — «Дўстлик» орденини топширди.