Азимжон Ҳусанов Касб-ҳунар таълими агентлигига раҳбарлик қилди

Азимжон Нозимжонович Ҳусанов Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касб-ҳунар таълими агентлиги директори этиб тайинланди, дея хабар берди Олий таълим вазирлиги.

Бунгача у Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори ўринбосари лавозимида ишлаган.

Азимжон Ҳусанов (1987 йилда туғилган) Тошкент давлат иқтисодиёт университетини «Халқаро бизнес» мутахассислиги бўйича ва Тошкент молия институтини «Менежмент» мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Турли йилларда «Камолот» ҳаракати туман бўлимида мутахассис, «Зиёкор» марказига раҳбарлик қилган, RIKS Education хусусий хорижий тилларни ўқитиш марказининг муассиси ва раҳбари бўлган. 2021 йилдан 2023 йилгача Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги директори ўринбосари лавозимида ишлаган.

Ҳусанов Австралия, АҚШ, Канада, Буюк Британия ва Европа давлатларида таълим соҳасидаги халқаро дастурларда иштирок этган. Ўзбек, рус, инглиз ва немис тилларини билади.

Касб-ҳунар таълими агентлигини ташкил этиш ташаббуси 2025 йил 8 сентябрь куни президент ҳузуридаги йиғилишда эълон қилинган эди. Дастлаб, мазкур идора Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида бўлиши кутилган эди. Давлат раҳбари 23 октябрда имзолаган фармонга мувофиқ, янги идоранинг вазифалари белгиланди.