
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2025 йил 28 октябрь куни бўлиб ўтган мажлисда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги уч давлат чегараларининг туташиш нуқтаси ҳақидаги Шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди.
Ҳужжат 2025 йил 31 март куни Хўжандда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаровларнинг учрашувида имзоланган эди. Музокаралардан сўнг президентлар масофавий режимда 3 давлат чегараси туташган ҳудуддаги Дўстлик тошини очиб бердилар.
Мажлисда сўнгги йилларда Марказий Осиё конструктив мулоқот, ишонч ва ҳамма томонлама ҳамкорлик майдонига айлангани, чегараларнинг ёпиқлиги, ҳал этилмаган тортишувлар ва зиддиятлар даври ўтмишда қолгани таъкидланди.
Парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабарида айтилишича, «3 давлат ўртасидаги чегара масалаларини ҳал қилиниши кўп йиллик меҳнатсевар иш, ўзаро ҳурмат, суверенитет ва тенг ҳуқуқлилик тамойилларига асосланган самимий мулоқот ва ҳамкорлик натижасидир».
Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Умид Якубхўжаевнинг хабар беришича, ратификация қилинаётган ҳужжат 3 давлат чегараларининг туташиш нуқтаси жойлашувини, шунингдек, чегара чизиқларининг бу ҳудуддаги ўтишини белгилайди.
Шартнома минтақанинг бутунлай яқинлашиши учун муҳим аҳамиятга эга. Уни ратификация қилиш 3 давлат ўртасидаги яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, Марказий Осиёнинг халқаро обрўсини оширишга хизмат қилади, дея қайд этди.
Ҳужжат шунингдек, 3 давлат фуқаролари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, чегара савдосини кенгайтириш, қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва янги иш ўринлари яратиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади, деди.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди ва қонун истисно тариқасида бирданига 3 ўқишда қабул қилиниб, тасдиқлаш учун Сенатга юборилди. Қонун президент томонидан имзолангандан сўнг кучга киради.

