Тошкентдаги Миробод бозори атрофи ободонлаштирилади

2025 йил 28 октябрь куни кундузи ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Миробод («Госпитальный») бозори атрофида пойтахт ҳокимлиги логотипи туширилган девор ўрнатилаётгани акс этган суратлар тарқалди.

Кўп ўтмай, Миробод тумани ҳокимлиги вазиятга изоҳ берди. «Бугун бозорга туташ ҳудудда кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бошланди, ундан мақсад бозорни туманнинг маданий ва савдо юраги сифатида сақлаб қолиш, уни ҳам пойтахт аҳолиси, ҳам меҳмонлари учун янада қулай ва жозибадор қилишдан иборат», — дейилади хабарда.

Туман маъмурияти бозор атрофидаги мавжуд барча дарахтлар сақланиб қолишини таъкидлади.

«Бундан ташқари, ҳудудда янги яшил зоналар, ободонлаштирилган пиёдалар йўлаклари ва савдо учун замонавий шароитлар пайдо бўлади», — дея қайд этди ҳокимлик.

«Миробод бозори — бу шунчаки савдо жойи эмас, бу ерда ўтмиш ва келажак учрашадиган, халқимизнинг самимияти ҳис қилинадиган макон. Бу Тошкент тарихининг ажралмас қисми бўлиб, авлоддан авлодга яхши қўшничилик, ишонч ва шарқона меҳмондўстлик руҳи ҳукм суради», — дейилади хабарда.

Туман маъмурияти томонидан тақдим этилган рендерларда бозорнинг кириш аркаси олдидаги майдонда қуруқ ва классик фавворалар яратиш режалаштирилгани кўринади. Бунда бир рендерда классик фаввора каскадли Г-симон шаклга эга бўлса, бошқасида — думалоқ узунчоқ шаклда.

Шунингдек, манзарали дарахтлар ва буталар, ёритиш, ўриндиқлар кўпайтирилиши, режага кўра бозорнинг олд қисмида умумий овқатланиш жойлари жойлашиши кўзга ташланмоқда. Таъкидлаш жоизки, турли рендерлардаги алоҳида объектлар бозор олдидаги майдоннинг умумий кўриниши билан мос келмайди.

Ҳокимлик «Газета»нинг бу ҳақдаги саволига нашр этилган эскизлар дастлабки эканлигини маълум қилди. «Ҳозир лойиҳа якунланмоқда ва якуний қарор қабул қилингач, биз рендернинг охирги вариантини тақдим этамиз», — дея хабар берди маъмурият.

Кириш аркасининг безаги ҳам ўзгаради — оқ-кўк рангдан оқ-олтин рангга айланади.

Таъмирлаш ишлари тахминан 1 ой давом этиши кутилмоқда. Бу даврда бозор одатдаги тартибда ишлашда давом этади.

Ишларни «Муниципал активларни бошқариш маркази» давлат унитар корхонаси амалга оширмоқда.

«Лойиҳанинг асосий мақсади — анъаналар ва замонавийликни бирлаштириш: бозорнинг шинамлиги, атмосфераси ва миллий колоритини сақлаб қолиш, шу билан бирга, барча учун қулай, тоза ва чиройли макон яратиш», — дея таъкидлади ҳокимлик.