Тошкентнинг Бобур кўчасида 174 туп дарахт ва бута кесилди — Экология вазирлиги

2025 йил 25 октябрга ўтар кечаси Тошкентнинг Бобур кўчасида жами 174 туп дарахт ва бута кесиб ташланди, дея хабар берди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати. Ўсимликлар дунёсига етказилган зарар 1,46 млрд сўмга баҳоланди.

«Тошкент шаҳар ҳокимлиги раҳбарияти вазиятни шахсий назоратига олди. Атроф-муҳитга зарар етказган масъул шахсларга нисбатан қонунчиликка мувофиқ қатъий чоралар кўрилиши маълум қилинди», — дея таъкидлади Экология вазирлиги.

Экология инспекторлари томонидан тўпланган материаллар чора кўриш учун прокуратура органларига юборилди.

Бундан аввал Экология вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев пойтахт ҳокимлиги вакиллари экологлар жойига келганда уларнинг ишига тўсқинлик қилишга урингани ва босим ўтказганини айтган эди.

Унинг баёнотидан сўнг пойтахт ҳокимлиги «бепарволик»ни тан олди — маъмурият маълумотларига кўра, дарахтлар касаллиги сабабли кўчириб ўтказилиши режалаштирилган эди, «аммо масъул шахслар белгиланган талабларни бузган».

Ҳокимлик матбуот хизмати кесилган дарахтлар ўрнига 83 туп пирамидал гужум (эликс) кўчати ва 62 мингдан ортиқ манзарали буталар экилишини ҳам маълум қилди.