Ўзбекистон ССВ: ЎРВИ касаллигининг мавсумий ўсиши бу йил кечроқ бошланди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқлардаги мавсумий ўткир респиратор вирусли инфекциялар (ЎРВИ) ўсиши, 2025 йил ноодатий кечаётгани ва ич кетиши ҳамда қайт қилиш каби симптомлар билан кузатилаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Изоҳда айтилишича, вазият ноодатий эмас ва ЎРВИ касаллигининг ўсиши ҳар йили ҳаво ҳарорати пасайиши билан кузатилади. Бироқ, бу йил у август охири — сентябрь бошида эмас, балки кечроқ — октябрь ойининг охирги ўн кунлигида бошланди.

«Симптомлар баъзида йўтал, аксириш, бурун битиши ва ҳарорат кўтарилиши, баъзи беморларда эса ошқозон-ичак тракти фаолиятининг бузилиши кўринишида намоён бўлади. Бошқача айтганда, бу касалликлар ҳар доим ҳам бир хил кечмайди, бу вирус штаммларининг турличалиги билан боғлиқ», — дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Вазирлик бактериал ва вирусли инфекцияларнинг бир вақтда авж олиши одатда кузатилмаслигини унутмасликка чақирди: «Микроорганизмлар дунёсида қонуният бор: баъзи микроорганизмлар бошқаларнинг кўпайишига йўл қўймайди».

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек, касалликнинг ўсишини коронавирус мутацияси билан боғлаш нотўғри эканини билдирди. «Бугунги кунда COVID-19 оддий респиратор инфекцияга айланди. Мамлакатимизда коронавирус билан боғлиқ вазият ҳозирда барқарор».

Идора мамлакат тиббиёт муассасаларида ЎРВИ билан оғриган беморларни даволаш учун етарлича ўринлар ва дори-дармон захиралари мавжудлигини, эпидемиологик вазият доимий назорат остида эканини маълум қилди.

Вазирлик ҳузурида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вакиллари, олимлар, соҳа мутахассислари, шунингдек, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш учун масъул бўлган барча ҳудудлардан экспертлар иштирокида махсус штаб тузилган.

Ота-оналарга болаларда касалликнинг биринчи белгилари пайдо бўлганда ўз вақтида оилавий шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилди.