Ўзбекистонда эрта таълим соҳасидаги минтақавий марказ ташкил этилмоқда

Ўзбекистонда Марказий Осиёда биринчи бўлиб эрта таълим соҳасидаги минтақавий илмий-тадқиқот ва инновация маркази ташкил этилмоқда. Шу муносабат билан 2025 йил 25 октябрь куни Тошкент шаҳрида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ҳамда “Реджио Чилдрен” жамғармаси (Fondazione Reggio Children) ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжатни Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Рехина Мария Кастижио ва “Реджио Чилдрен” жамғармаси бош директори Кристиан Фабби имзоладилар.

ЮНИСЕФ ваколатхонаси матбуот хизмати хабар беришича, марказнинг асосий йўналишлари педагоглар касбий ривожланишида инновацияларни жорий этиш, таълим соҳасидаги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, болага йўналтирилган сифатли таълимни татбиқ этиш, шунингдек, боланинг илк ёшлариданоқ танқидий фикрлаш, ижодий қобилиятлар ҳамда ижтимоий-эмоционал кўникмаларни ривожлантиришдан иборат бўлади.

Марказ болага йўналтирилган, тадқиқот, ижодкорлик ва ижтимоий-эмоционал таълимга асосланган янги ёндашувларни жорий этади. Унга ўйин шаклида таълим бериш, иқлим ўзгариши мавзусини таълим жараёнига киритиш ва ижтимоий-эмоционал таълимни қамраб олиш каби йўналишлар киради.

Марказ Марказий Осиё бўйлаб болаларга сифатли таълим беришга қизиқиш билдирган давлат ва хусусий мактабгача таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик қилади. Фаолият “Реджио Эмилия” таълим ёндашувига асосланади — бу болага йўналтирилган, тадқиқотга таянадиган ва дунё миқёсида эрта таълим соҳасидаги юқори стандарт сифатида тан олинган усул ҳисобланади.

«Бу ҳар бир боланинг илк ёшлариданоқ сифатли, болага йўналтирилган таълим олишини таъминлашга қаратилган ислоҳотларимиздаги табиий босқич», — деди Мактабгача таълим тизими фаолиятини мувофиқлаштириш департаменти директори Лола Бердиева (суратда — чапда).

Рехина Мария Кастижио таъкидлашича, ушбу ташаббус Ўзбекистонда мактабгача таълим сифатини ошириш, шунингдек, минтақавий даражада инклюзивлик ва таълим сифати бўйича тажриба алмашиш имкониятини яратади.

«Биз ишонамизки, марказнинг ташкил этилиши Ўзбекистон ва бутун минтақада сифатли таълимни таъминлаш сари муҳим қадам бўлади», — деди Кристиан Фабби.