Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани бозор учун «аниқ сигнал»га айлантирмоқчи

Ўзбекистон Марказий банки раиси Тимур Ишметов 2025 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида монетар сиёсат таъсирини кучайтириш ва асосий макроиқтисодий йўналишлар, жумладан, нейтрал фоиз ставкаси, долларлашув даражаси ва реал фоиз ставкаларининг шаффофлигини ошириш режалари ҳақида маълум қилди.

Аввалроқ регулятор раҳбари Ўзбекистон молия тизими янада башорат қилинадиган муҳитга ўтаётганини, Марказий банк эса асосий ставкани «бозор учун аниқ ва ишончли сигнал»га айлантиришни мақсад қилганини айтган эди.

Марказий банк асосий ставка бўйича бу мақсадга қандай эришмоқчи экани ҳақидаги саволга Ишметов шундай жавоб берди: «Монетар сиёсатга, хусусан, ставкалар масаласига келсак — олдимизда ҳали жуда катта иш турибди. Биз буни кейинги уч йил учун [пул-кредит сиёсатининг] асосий йўналишларида ҳам белгилаб бердик», — деди регулятор раҳбари.

У молия бозорининг Марказий банк инструментларига сезгирлиги ҳали пастлигини тан олди: «Биласиз, инструментларимизнинг трансмиссион механизми самарадорлиги ҳозирча етарли эмас. Яъни, бозор бу инструментларга паст сезгирлик туфайли кўпроқ операциялар ўтказишга мажбурмиз».

Унинг сўзларига кўра, вазиятни тузатиш учун фаол ишлар бошланган:

«Кўп ишларни қилиш керак, жумладан, инструментларнинг ўзини қайта кўриб чиқиш. Биз аллақачон бошладик. Масалан, август ойида биз бозор реалликларини ҳисобга олган ҳолда ликвидликни бошқариш учун янги инструментларни жорий этдик. Бир йил давомида ҳар бир инструментни такомиллаштирамиз».

У, шунингдек, пул операцияларини ўтказиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилаётганини қайд этди.

«Бир қатор ўзгаришлар умуман бозор операцияларига ёндашувларни қайта кўриб чиқишни талаб қилади. Ҳаттоки валюта курсининг тебранишлари ҳам валюта бозори иштирокчиларининг хулқ-атворини қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда. Буларнинг барчаси яхши томонга ўзгармоқда».

Нейтрал ставка ҳақида

Марказий банк бозор билан коммуникацияни кучайтириш ва илгари ошкор қилинмаган маълумотларни мунтазам равишда эълон қилишни мақсад қилган:

«Ҳозирги шароитда нейтрал фоиз ставкаси қанчани ташкил этишини ҳисоблаб чиқдик. Ўзбекистон шароитида нейтрал ставка тахминан 4,5% ни ташкил этади. У мунтазам равишда қайта ҳисоблаб чиқилади».

Шунингдек, Марказий банк долларлашувнинг «соғлом» даражасини ҳам худди шундай белгилашни режалаштирмоқда:

«Худди шу нарса долларлашув даражасига ҳам тегишли. Биз унинг пасайиб бораётганини айтяпмиз. Лекин идеалда у қандай бўлиши керак? Ахир, кўрсаткич ҳеч қачон нолга тенг бўлмайди-ку, тўғрими? Инфляция бўйича биз 5% даражасига эришиш ва уни ушлаб туриш мақсадини қўйдик. Бизда инфляцияни 5% дан пастга тушириш мақсади йўқ. Биз 5% иқтисодий ўсиш ва нархлар барқарорлиги ўртасидаги мувозанатни сақлаш учун етарли даража деб ҳисоблаймиз», — деди.

Ишметов сиёсатни баҳолашда регулятор реал фоиз ставкаларини ҳам ҳисобга олишини таъкидлади:

«Агар биз номинал инфляция ҳақида гапирсак, реал фоиз ставкаларига ҳам эътибор қаратамиз. Ҳозир, масалан, инфляцион кутилмаларнинг пасайиши ҳисобига реал ставкалар ошди. Бу жорий кредит сиёсати ва пул-кредит шароитларига ижобий таъсир кўрсатади».

Унинг қўшимча қилишича, Марказий банк реал фоиз ставкаларининг нейтрал даражасини аниқлаш бўйича ҳам ҳисоб-китобларни амалга оширади:

«Биз буни ҳисоблаб чиқишни ва қарор қабул қилишда нималарга асосланаётганимизни кўрсатиш учун бундай кўрсаткичларни эълон қилишни бошлашни ният қилганмиз. Биз ўз услубларимизни ҳам такомиллаштирамиз ва кўпроқ маълумот берамиз».

Марказий банк раҳбарининг сўзларига кўра, бу қадамларнинг мақсади монетар сиёсатнинг башорат қилинишини яхшилаш: «Бу бозор иштирокчиларига бизнинг келажакдаги қадамларимизни яхшироқ прогноз қилишга ёрдам беради. Бизнинг режамиз шундай».

Марказий банкнинг нейтрал ставкаси — бу тўлиқ бандлик ва барқарор инфляция шароитида иқтисодиётда ўрнатилиши мумкин бўлган фоиз ставкаси. У иқтисодиётга рағбатлантирувчи ёки чекловчи таъсир кўрсатмайди ва «макроиқтисодий мувозанат» ҳолатига мос келади — бунда иқтисодий ўсиш суръатлари барқарор, инфляция мақсадли доирада, бандлик эса потенциал даражага яқин бўлади.

Кўрсаткич жорий фоиз сиёсатини баҳолаш учун йўналтирувчи нуқта сифатида Марказий банк томонидан ҳисобланади. Регулятор иқтисодиёт рағбатлантиришга муҳтож деб ҳисоблаган даврларда, улар банк ставкасини нейтрал ставкадан паст қилиб белгилайди. Агар Марказий банк иқтисодиёт совутиш даврига муҳтож деб ҳисобласа, банк ставкасини нейтрал ставкадан юқори қилиб белгилайди.