
Қашқадарё вилояти Косон тумани жиноят ишлари суди икки марта бола сотишга уринган ҳамширага нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда «Миллар» ахборот дастури хабар бермоқда.
Репортажда айтилишича, 2023 йилда Косон тумани тиббиёт бирлашмаси поликлиникасининг 32 ёшли ҳамшираси боланинг онаси билан тил бириктириб, 3 ёшли қизни бошқа аёлга 19,7 млн сўмга сотган. Ҳамшира харидорга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олишга ёрдам беришни ҳам ваъда қилган ва бунинг учун 2 млн сўм олган.
2 йил ўтгач, ҳамшира 60 ёшли эркак билан тил бириктириб, қизни яна $15 мингга сотишга уринган. У ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинган.
Ҳамшира Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди (одам савдоси) ва 168-моддаси 2-қисми «б» банди (дастлабки тил бириктирув орқали гуруҳ бўлиб фирибгарлик) да назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилди.
У 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари (12,63 млн сўм) миқдорида жаримага тортилди. Шеригига эса яшаш жойини тарк этиш тақиқланган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси ва 30 БҲМ миқдорида жарима тайинланди.
Сотишга уринилган қиз Китоб туманидаги болалар уйида тарбияланмоқда.

