
Ташқи муаммоларга қарамай, Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилда юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолмоқда. Бу ҳақда 2025 йил 23 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган «Инвесторлар куни»да Бош вазир ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.
Тадбир Ўзбекистон Миллий инвестиция фондини бошқарувчи Franklin Templeton инвестиция компанияси томонидан ташкил этилди.
2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида ЯИМ 7,2% га ўсди. Жамшид Қўчқоровнинг сўзларига кўра, йил якуни бўйича ўсиш тахминан 7% даражасида кутилмоқда (бу дастлабки 6% лик прогноз ва халқаро молия институтлари прогнозларидан юқори), аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ эса $3500 доллардан ошиши тахмин қилинмоқда (2024 йил якуни бўйича $3093 доллар эди).
Вице-премьер фискал консолидация (давлат молиясини оптималлаштириш) режали тарзда олиб борилаётганини ва мамлакатнинг ўрта муддатли бюджет мақсадларига мос келишини маълум қилди.
«Йил якуни бўйича консолидациялашган бюджет тақчиллиги ЯИМга нисбатан мақсадли 3% ни ташкил этади. Бизнинг фискал стратегиямиз инклюзив ўсиш ва иқтисодиётнинг барқарорлигини қўллаб-қувватлаш учун интизом, самарадорлик ва барқарорлик тамойилларига асосланади», — дея таъкидлади у.
Қўчқоровнинг ишонтиришича, давлат ташқи қарзи бошқариладиган ва барқарор даражада.
«Халқаро валюта жамғармасининг қарз барқарорлиги бўйича сўнгги таҳлилига кўра, умумий қарз юки хавфи ва ташқи қарз бўйича хавф паст деб баҳоланмоқда. Давлат қарзи кўрсаткичлари, ҳатто стресс сценарийларида ҳам, танқидий чегаралардан сезиларли даражада паст бўлиб қолмоқда», — деди.
Бундан ташқари, Қўчқоров энергетика соҳасидаги тарифларнинг оширилишини ҳисобга олган ҳолда инфляция даражасига изоҳ берди.
«2025 йилнинг май ойи бошида жорий этилган энергия ресурслари тарифларининг либераллаштирилишига қарамай, инфляция назорат остида. Сентябрь ойида инфляция 8% гача секинлашди. Йил якуни бўйича биз унинг шу даражада қолишини кутмоқдамиз, келаси йилги мақсад эса 7% дан паст», — дея хабар берди.

