
Uzbekistan Airways авиакомпанияси 2025 йил 22 сентябрь куни Boeing компанияси билан 14 та кенг фюзеляжли Boeing 787−9 Dreamliner самолёти ва 8 та шу турдаги ҳаво кемасини опцион шартномаси асосида етказиб бериш бўйича қатъий шартнома имзолади. Бу ташувчи тарихидаги энг йирик бир марталик битим.
«Битим авиакомпаниянинг узоқ муддатли флотни модернизация қилиш ва узоқ масофали парвозлар салоҳиятини ошириш дастурининг бир қисми. Етказиб бериш 2031 йилдан бошланади», — дея хабар берди ташувчи матбуот хизмати. Опцион келишилган нархда самолётларни сотиб олиш ҳуқуқини (мажбуриятини эмас) назарда тутади.
Бу авиакомпания паркидаги илк Boeing 787−9 самолётлари бўлади, компания мазкур турдаги — 787−8 русумли самолётлардан 2016 йилдан бери фойдаланиб келади. 787−9 варианти базавий моделдан фарқли ўлароқ, узунроқ фюзеляжга ва каттароқ сиғимга, шунингдек, узоқроқ парвоз масофасига эга. Uzbekistan Airways ҳозиргача Марказий Осиёда бундай самолётларни эксплуатация қилаётган ягона авиакомпания. Компания паркида ушбу турдаги 6 та самолёт мавжуд, яна 1 та самолёт Ўзбекистон Президенти томонидан фойдаланилади.
«Boeing 787−9 ўхшаш операцион самарадорликда кўпроқ ўриндиқларни таклиф этади, бу эса узоқ масофали йўналишлардаги талабни мувозанатлаштириш, авиакомпаниянинг йўналишлар тармоғи харитасида янги шаҳарларни очиш ва зарур бўлган жойларда парвозлар частотасини ошириш имконини беради. Тошкентнинг транзит тугун аэропорти модели учун бу — принципиал рақобатбардош устунлик», — дея маълум қилди компания.
Ташувчи хабарида: «Лойиҳа «Ўзбекистон-2030» миллий тараққиёт дастурига жавоб беради ва авиакомпаниянинг минтақада Тошкентни етакчи халқаро транзит хаби сифатида шакллантириш стратегик мақсадини қўллаб-қувватлайди, бу эса туризм, инвестициялар ва халқаро ҳамкорликни ўстириш учун шароит яратади», — дейилади.
«Кенг фюзеляжли самолётлар паркини кенгайтириш Uzbekistan Airways’га асосий йўналишларда йўловчи сиғимини ошириш, жадвалнинг барқарорлигини кучайтириш ва йўналишлар тармоғини Марказий Осиёни Шимолий Америка, Европа, Яқин Шарқ ва Осиё-Тинч океани минтақаси билан боғлаган ҳолда мослашувчан ривожлантириш имконини беради», — дея қўшимча қилди компания.
Uzbekistan Airways бошқаруви раиси Шуҳрат Худойқулов: «Boeing 787 Dreamliner оиласи бизнинг қитъалараро ташиш асоси сифатида ўзини исботлади. Янги шартнома имзоланиши билан биз мамлакатимиз ва Uzbekistan Airways’нинг Марказий Осиёдаги етакчи авиаташувчи сифатидаги позициясини янада мустаҳкамлаймиз ва йўловчиларимиз учун янада кенгроқ глобал алоқани таъминлаймиз», — дея таъкидлади.
Boeing компаниясининг тижорат савдоси ва маркетинги бўйича катта вице-президенти Брэд МакМаллен: «Биз Uzbekistan Airways билан қарийб 30 йиллик ҳамкорлигимизни юқори баҳолаймиз ва уларнинг минтақанинг дунё билан алоқаларини мустаҳкамлайдиган ўсиш стратегиясини қўллаб-қувватлашда давом этамиз», — деди.
Uzbekistan Airways 95 дан ортиқ халқаро ва ички йўналишларда мунтазам парвозларни амалга оширади. Бу Марказий Осиёдаги Тошкент ва Нью-Йорк ўртасидаги трансконтинентал парвозларни амалга оширувчи ягона авиакомпания.
АҚШ Президенти Дональд Трамп битимга изоҳ берар экан, уни «буюк» деб атагани ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни «гапига амал қилувчи одам» деб атаган. У $8 млрд долларлик битим АҚШда 35 мингдан ортиқ иш ўрни яратишини қўшимча қилган. АҚШ Савдо вазирлиги эса ўз навбатида, битим қиймати $8,5 млрд долларни ташкил этганини маълум қилган.

