
«Адолат» социал-демократик партияси Йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузадиган ҳайдовчилар учун жазо чораларини сезиларли даражада кучайтиришни таклиф қилди.
Партия 2024 йили 9364 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганини эслатди, натижада 9000 га яқин киши жароҳат олган, 2203 киши ҳалок бўлган.
«Энг фожиалиси: [ЙТҲда] ҳалок бўлганларнинг сезиларли қисми болалар. Статистик маълумотларга кўра, ҳар тўртинчи аварияда камида битта одам вафот этади, яъни ўртача кунига олти киши», — дея таъкидлади «Адолат» партияси.
«Бу фожиалар бутун жамиятни ларзага солади, чунки бу нафақат бир оиланинг шахсий дарди, балки миллат келажагига ҳам зарба. Агар йўлларда аҳоли, айниқса болаларимиз ўзларини хавфсиз ҳис қила олмаса, бу барчамизда жиддий ташвиш уйғотиши ва зудлик билан чора кўришга ундаши керак», — дейилади баёнотда.
Партия қуйидаги ташаббусларни илгари сурди:
Биринчидан, йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва ЙТҲларда ўлим ҳолатларини олдини олишга қаратилган «Vision Zero» халқаро дастурини жорий этиш.
Иккинчидан, болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича «Мактаб атрофи — хавфсиз ҳудуд» дастурини қабул қилиш. Партия фикрича, ушбу дастур доирасида қуйидагилар керак:
- бошланғич синф ўқувчилари учун ёруғлик қайтарувчи элементли ёрқин рангдаги нимчалар, бош кийимлар ёки рюкзакларни тақишни жорий этиш;
- уйдан мактабгача бўлган хавфсиз пиёда йўналишларини ишлаб чиқиш;
- мактаблар яқинида жойлашган кўчаларда махсус ҳаракатланиш режимини (транспорт ҳаракатини вақтинча тўлиқ ёки қисман чеклаш) ўрнатиш.
Учинчидан, ЙҲҚни мунтазам равишда бузадиган ҳайдовчиларнинг суғурта бадалларини кескин ошириш орқали иқтисодий жавобгарлигини кучайтириш.
Тўртинчидан, ўлим билан боғлиқ ЙТҲ, айниқса вояга етмаган шахс ҳалок бўлган бўлса, жазоларни икки баробар ошириш, шунингдек, таълим муассасалари яқинида тезликни оширганлик учун алоҳида қатъий чораларни жорий этиш;
Бешинчидан, доимий равишда тезликни оширадиган ҳайдовчилар учун ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддатини амалдаги 3 йилдан 10 йилгача узайтириш, шунингдек, алкоголли маст ҳолатда ўлим билан боғлиқ ЙТҲ содир этганлар учун ҳайдовчилик ҳуқуқидан умрбод маҳрум қилишни жорий этиш.
Партия ўз фракцияси Олий Мажлисда тегишли қонунчилик ташаббусини илгари суришини маълум қилди.