Президент Тошкентда IT-паркнинг иккинчи босқичи қурилишига старт берди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 21 октябрь куни Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги IT-паркка ташриф буюрди ва лойиҳанинг иккинчи босқичи қурилишига биринчи тамал тошини қўйиш маросимида иштирок этди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

2 йил аввал 200 миллион долларлик инвестиция ҳисобига амалга оширилган биринчи босқич доирасида қарийб 4 гектар майдонда баландлиги 20–25 қаватли олтита офис биноси ва конгресс-холл барпо этилган эди.

IT-паркда инкубация ва акселерация дастурлари амал қилиб келмоқда, ахборот технологиялари, финтех, логистика, электрон тижорат, онлайн-таълим, биотехнологиялар ва бошқа йўналишларда лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

IT-парк резидентлари сони 3200 та компанияга етди, уларда 14 мингдан ортиқ мутахассис ишлайди. Ўтган йили резидентлар томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 1,6 миллиард долларни ташкил этган бўлса, жорий йил якунлари бўйича бу кўрсаткич 2,5 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.

Хизматлар экспорти ҳажми эса биринчи марта 1 миллиард долларлик довондан ўтиши кутилмоқда.

«Ўзбекистон-2030» Стратегиясига мувофиқ, ахборот технологиялари соҳасида 300 мингдан ортиқ ёшларни юқори даромадли иш ўринлари билан таъминлаш режалаштирилган. Хорижий экспертларнинг баҳолашича, Ўзбекистоннинг фақат сунъий интеллект соҳасидаги салоҳияти 10 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Лойиҳага мувофиқ, IT-парк ҳудуди 1,5 баравар кенгайтирилади. Бу ерда Саудия Арабистонининг «DataVolt» компанияси билан ҳамкорликда 150 миллион доллар қийматидаги 12 МВт қувватга эга дата-марказ қурилади. Кейинги босқичларда қўшимча 3 миллиард доллар инвестиция киритиш ва умумий қувватни 500 МВт га етказиш режалаштирилган.

«Ишончим комилки, бугун биз старт бераётган ушбу йирик ташаббус белгиланган кенг кўламли мақсадларга эришишга ҳамда Ўзбекистон ва хорижий инвесторлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса бўлади», — дея таъкидлади Ўзбекистон Президенти.

Айнан шу ҳудудда 6 та янги бино, жумладан, Сунъий интеллект маркази, Коинот ва келажак технологиялари маркази, 2 та 20 қаватли офис биноси, шунингдек, сервис ва савдо марказлари бунёд этилади.

Президент Шавкат Мирзиёев IT-паркнинг иккинчи босқичи пойдеворига капсула қўйди ва қурилиш ишларига расман старт берди.