
Ўзбекистонда космик мониторинг ёрдамида ер қаъридан ноқонуний фойдаланишнинг 2000 дан ортиқ ҳолати аниқланди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар беришича, 2025 йил 16 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги йиғилишда таъкидланди.
Ўзбекистон раҳбари Бош прокуратурага иқтисодий жиноятларни олдини олиш ва фош этиш бўйича ишларда ер, ишлаб чиқариш объектлари ва конларнинг сунъий йўлдош таҳлили маълумотларидан самарали фойдаланиш бўйича топшириқ берди.
2025 йил бошидан буён 33 мингдан ортиқ ноқонуний қурилган объект аниқланган, уларнинг катта қисми қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда жойлашган. Президент ноқонуний қурилиш ҳолатларига тезкор жавоб бериш имконини берувчи ахборот платформаларини қисқа муддатда интеграция қилиш ва тизим яратишни топширди.
Космик мониторинг ёрдамида шунингдек, фойдаланилмаётган ер участкалари ҳам аниқланиб, уларни хўжалик муомаласига жалб қилиш кўзда тутилган. 6 та вилоятда ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, 300 гектарга яқин бўш ер топилган. Хабарда айтилишича, фақат Тошкентда 95 гектар ер аниқланиб, улар аллақачон аукционга қўйилган.
Давлат раҳбари 2025 йил охирига қадар яна 8 та вилоятда тадқиқотларни якунлашни, 2026 йили эса мамлакатнинг барча туман марказларини қамраб олишни топширди.
Президентга ер ости маълумотларини таҳлил қилишда сунъий интеллектдан фойдаланишни назарда тутувчи, хусусан, дарахтларни ноқонуний кесиш, метан сизиб чиқиши, қуёш панеллари самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, йўл қопламаси, темир йўл ва электр тармоқлари ҳолатини диагностика қилиш бўйича лойиҳалар тақдим этилди.
«Uzcosmos» агентлиги директори Шуҳрат Қодиров «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида идорага геология, кадастр ва экология соҳаларида космик мониторингни йилда камида 3 марта ўтказиш ҳуқуқи бириктирилганини маълум қилди. Бу, шу жумладан, ноқонуний қурилиш, полигон чегараларининг бузилиши ва ноқонуний ахлатхоналарни аниқлашни назорат қилишни ўз ичига олади.
«Аэрокосмик технологиялар ва сунъий интеллект ёрдамида ишнинг янги йўналишлари аниқланди. Улар орасида — электр узатиш линияларини назорат қилиш, қуёш панелларини мониторинг қилиш, уларни самарали жойлаштириш мумкин бўлган жойларни аниқлаш ва уларнинг ишлашини баҳолаш бор. Бу соҳада хорижий тажрибадан фойдаланиш электр узатиш линияларининг узилиш, осилиб қолиши, элементларнинг коррозиясини аниқлаш ва маълумотлардан уларни лойиҳалаштиришни яхшилаш учун фойдаланиш имконини беради», — деди «Uzcosmos» раҳбари.
Аэрокосмик мониторинг ёрдамида автомобиль йўллари ҳолатини таҳлил қилиш ва йўл қопламаси дефектларини аниқлаш ҳам режалаштирилган.
«Темир йўл транспорти соҳасида ҳам темир йўл ўтказгичлари ҳолатини мониторинг қилиш, рельслар ва шпалларни, шунингдек, уларнинг геометрияси, шикастланишлари ва ўтиришини назорат қилиш учун дронлар ва оптик лидар-камералардан фойдаланган ҳолда кузатув технологиялари жорий этилмоқда», — дея қайд этди Шуҳрат Қодиров.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида президент космик соҳани ривожлантириш бўйича 10 йиллик дастур ишлаб чиқишни топширганини маълум қилди. Бу ташаббус доирасида ушбу соҳадаги энг йирик халқаро консалтинг компанияларидан бири — «Nova Space» билан ҳамкорлик бошланган.
«Uzcosmos» агентлиги директори ўринбосари Муҳиддин Иброҳимов сунъий интеллект ва аэрокосмик маълумотлар жараёнларни оптималлаштириш, самарадорликни ошириш, инсон ресурсларига бўлган эҳтиёжни камайтириш ва ҳодисалар ҳамда муаммоларга жавоб бериш вақтини қисқартириш имконини беришини маълум қилди.
«Космик технологиялар ва контент техник ва муҳандислик фикрлашини ривожлантириш, технократияни шакллантириш ва ёшларнинг бу соҳага қизиқиши учун энг муҳим элемент сифатида тан олинди. Бу жаҳон тажрибасига мос келади ва технологияларни болалар боғчасидан тортиб олий ўқув юртларигача жорий этиш бўйича аниқ вазифалар қўйилган», — деди Муҳиддин Иброҳимов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.
Кадастр агентлиги директори Фарруҳ Пўлатов идорага ер кадастри ишлари доирасида «Uzcosmos» агентлиги билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича топшириқлар берилганини айтди. «Uzcosmos» ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний қурилишнинг юқори хавф даражаси мавжуд ҳолатлар ҳақидаги маълумотларни беради. Бундай ҳолларда мутахассислар жойга бориб, аниқланган бузилишлар бўлганида тегишли чораларни кўради.
«Бу тизим уй-жой коррупциясининг олдини олишга ёрдам беради, чунки у участкани қайта ўрганишга ва илгари аниқланган бузилиш бартараф этилганлигини текширишга имкон беради. Шунингдек, мулк ҳуқуқлари расмийлаштирилмаган ерларда жойлашган биноларни ҳисобга олиш бўйича ҳамкорлик олиб борилмоқда. Фақат барча инстанциялардан ўтиб, «Uzcosmos» агентлиги хулосасини олганидан сўнг уйга рухсатнома берилади», — деди Фарруҳ Пўлатов.
Аэрофотосуратга олиш ёрдамида ортофотопланлар яратиш — спутник суратлари ва аэрофотоматериаллар асосида электрон хариталар яратиш ҳам режалаштирилган.
Тақдимотда космик соҳада таълим экотизимини яратиш, тадқиқотлар ва технологияларни ривожлантириш, шунингдек, сунъий йўлдош телекоммуникацияларини жорий этиш орқали мамлакатнинг олис ҳудудларида алоқа қамровини кенгайтириш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди.