
Самарқанд шаҳар жиноят ишлари бўйича суди Зарифа Аҳмедова раислигида портлаш оқибатида етти кишилик бир оила аъзолари, жумладан уч нафар кичик ёшли болалар ҳалок бўлган иш бўйича газ таъминоти корхонаси раҳбари ва уч нафар ходимига нисбатан ҳукм чиқарди (Дастлаб ФВВ олти киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди). Бу ҳақда Sevimli телеканалининг “Замон” дастури хабар қилди (видео).
2025 йил 9 май куни содир бўлган портлаш бир неча оила яшаган уч қаватли уйни бутунлай вайрон қилган. Қўшни уйларга ҳам зарар етган.
Уй аҳолиси кучли газ ҳидидан хавотирланиб, газ хизматига 11 марта мурожаат қилган. Улар газ ҳиди гоҳ пайдо бўлиб, гоҳ йўқолиб қолаётганини маълум қилишган. Бироқ, корхонанинг масъул шахслари ҳеч қандай чора кўрмаган.
9 жилддан иборат иш материалларига кўра, 2024 йил сентябрь-октябрь ойларида Спитамен кўчасидаги хусусий уйлардан бири яқинида уйларни газлаштириш ишлари лойиҳа ҳужжатлари ва техник шартларсиз амалга оширилган.
Газ қувури талабларни бузган ҳолда – лаборатория хулосаси ва ҳимоя қопламасисиз – ёлланма усталарни жалб қилган ҳолда автомобиль йўли остидан ўтказилган ва тармоққа ноқонуний уланган. Қувурда пайдо бўлган 7 та тешик орқали табиий газ марказий канализация қудуғига ва у ердан уйга ўтган.
«Ҳудудгаз Самарқанд» корхонаси филиали Самарқанд шаҳар бўлими раҳбари ва унинг 3 нафар ходими Ўзбекистон Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми «а» ва «б» бандларида (касб мажбуриятларини лозим даражада бажармаслик, эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлишига ва бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлиши) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилди.
Суд уларга 3 йил муддатга давлат улуши бўлган ташкилотларда раҳбарлик ва моддий жавобгар лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Бундан ташқари, суд портлашдан жабрланган фуқаролар фойдасига газ таъминоти корхонасидан қарийб 6 миллиард сўм ундириш тўғрисида қарор чиқарди.