Янгиободдаги уран кони рекультивацияси тугагандан сўнг экотуризм ривожлантирилади

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) делегацияси Тошкент вилояти Янгиободдаги собиқ уран конларини рекультивация қилиш ишлари натижалари билан танишди, дея хабар берди Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.

Ташрифни ЕТТБ Ядро хавфсизлиги департаменти директори ўринбосари, атроф-муҳитни реабилитация қилиш ҳисоб рақами раҳбари Эстер Ҳарландер экология вазири Азиз Абдуҳакимов ва чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов ҳамроҳлигида амалга оширди.

Эслатиб ўтамиз, Янгиободдаги ҳудудни рекультивация қилиш 2023 йил март ойида бошланиб, 2025 йил август ойида якунланди. Лойиҳа ЕТТБ кўмагида амалга оширилди. Иш бошланишидан олдин бу ерда маҳаллий аҳоли ва тегишли ташкилотлар билан маслаҳатлашувлар ўтказилган.

Лойиҳа доирасида геодезия ишлари амалга оширилди, кириш йўллари қурилди, эски иншоотлар демонтаж қилинди, ифлосланган чиқиндиларни утилизация қилиш полигони ташкил этилди, дренаж ва кон сувлари инфильтрация тизимлари ўрнатилди, қирғоқ чизиқлари мустаҳкамланди ва уларни четга олиб чиқиш учун қувурлар ётқизилди, деди лойиҳа бошқаруви гуруҳи раҳбари Вадим Королёв.

Унинг сўзларига кўра, меҳнат муҳофазаси, техника ва радиацион хавфсизлик нормаларига риоя этиш, шунингдек, Янгиобод аҳолисининг таклифларини инобатга олишга алоҳида эътибор қаратилди.

Экология вазири Азиз Абдуҳакимов рекультивация ишлари тугагандан сўнг экотуризмни ривожлантириш ҳамда аҳоли дам олиши учун шароит яратиш мақсадида ҳудудни ободонлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Бу ерда бутазорлар экиш билан ҳудудни кўкаламзорлаштириш, пиёдалар йўлакларини ётқизиш, атрофдаги ҳудудларни тозалаш ва ободонлаштиришни ташкил этиш, шунингдек, юзага келиши мумкин бўлган экологик бузилишларни қайд этадиган ва содир бўлаётган жараёнларнинг шаффофлигини таъминлайдиган онлайн-видеокамералар ўрнатиш режалаштирилган.

Экология вазирлиги қайд этишича, бу чора-тадбирлар нафақат рекультивациянинг эришилган натижаларини сақлаб қолишга, балки Янгиобод ҳудудини аҳоли ва сайёҳлар ташрифи учун хавфсиз, обод ва жозибадор масканга айлантиришга имкон беради.

Чиқиндиларни бошқариш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар устидан доимий назорат ўрнатилганини, радиация даражаси паст бўлган ҳудудлар табиатга қайтарилишини қайд этди. Ҳозирда бу жойларда жамоатчилик ва ёшлар иштирокида тушунтириш-маърифий ишлар олиб борилмоқда.

Экологик реабилитация лойиҳаси ЕТТБ ва Ўзбекистон ўртасида 9 миллион евро миқдоридаги грант битими доирасида амалга оширилди. Маблағлар Янгиобод (Тошкент вилояти) ва Чоркесар-2 (Наманган вилояти) даги объектларни рекультивация қилишга йўналтирилган.

Аввалроқ, 2024 йил август ойида Чоркесар-2 ҳудудида ишлар якунланган бўлиб, у ерда уран рудасини қазиб олиш оқибатларини бартараф этиш бўйича тўлиқ чора-тадбирлар мажмуаси бажарилган эди.

Собиқ уран конларини рекультивация қилиш ионлаштирувчи нурланишни бартараф этиш, хавфсиз экологик муҳитни яратиш ва аҳоли саломатлигини яхшилашга қаратилган.